Видеоконференцияда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари С.Бердиқулов, қўмита масъул ходимлари, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси масъул ходими М.Ибодуллаев ва Исроилнинг «LR Group» ҳамда «Agrotec» компаниялари экспертлари иштирок этди.
Тадбирда Исроилнинг чорвачиликка ихтисослашган компаниялари билан ҳамкорлик қилиш, соҳада қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Видеомулоқотда Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш, жумладан, наслли қорамолларни етиштириш, «Ўзнаслчилик» давлат унитар корхонасида парваришланаётган чорва моллари зотлари, генетик материалларни ишлаб чиқариш ва сақлаш бўйича ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда наслли қорамолларни кўпайтириш ва бу борада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
«LR Group» компанияси лойиҳа менежери Ўзбекистонда наслли қорамоллар генетик маҳсулотларини етиштириш бўйича Исроил – Ўзбекистон қўшма генетика марказини ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистонда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан фермер хўжаликлари ва чорвадорлар учун субсидиялар ажратишга доир муҳим ўзгаришлар Исроил экспертларида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир якунида соҳадаги янгиликлар бўйича ахборот алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.