Мутасаддиларнинг маълум қилишича, VIII халқаро конгресс кун тартибидан "Қуръоншуносликнинг бугунги босқичда: ислом маънавий меросини ўрганишга янгича ёндашувлар", "Исломгача бўлган даврда Марказий Осиё: давлатчилик, маънавий ҳаёт, маданиятлараро мулоқот", "Исломнинг Марказий Осиёда тарқалиши: цивилизация жараёнлари ривожланишидаги янги парадигма", "Ислом цивилизацияси маркази контентининг умумий концепциясини тасдиқлаш" ва бошқа мавзулар ўрин олган.
Таъкидлаш керакки, жорий йил 3-4 июль кунлари Тошкентда "Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори" республика форуми ўтказилиб, унда юртимизда самарали фаолият олиб бораётган 400 дан ортиқ олим, фан арбоблари, эксперт ва ёш тадқиқотчилар, шунингдек, диний соҳа вакиллари иштирок этган эди. Тадбирда 10 та йўналишда Ислом цивилизация марказининг илмий-тарихий концепцияси ҳамда унинг таркибидаги музей экспозициясини шакллантиришга бағишланган 50 дан ортиқ маърузалар тингланиб, 600 га яқин таклиф ва мулоҳазалари билдирилди.
– Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди, – дейди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. – Айни пайтда фаолиятимизнинг тўлақонли ишга тушиши учун жадал ҳаракатлар бошланган. Марказ дунё аҳамиятига молик улкан маданий, маърифий маскан сифатида қад ростламоқда. Барча саъй-ҳаракатларимиз мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини очиб беришга қаратилган.
Айни пайтда марказ зиммасидаги улкан вазифаларни адо этиш учун мамлакатимиз ва хориждаги барча илмий куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Академик тадқиқотлардан олинган илмий хулосалар марказда амалий ёки назарий шаклда ўз ифодасини топади. У ҳам илмий, ҳам жозибадор масканга, айни дамда соҳага оид илмий мулоқотларга мўлжалланган илм ўчоғига айланади.
Бугун Тошкентда, эртадан бошлаб Самарқандда давом этадиган «Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси» VIII халқаро конгрессининг хорижлик ва миллий мутахассислар, экпертлар, етук олимлар, фан арбоблари, ёш тадқиқотчилар, диний соҳа вакилларидан иборат иштирокчилари Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, ҳозирга қадар амалга оширган фаолияти, янги лойиҳаларини батафсил муҳокама қилади. Билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, янги "йўл харитаси" лойиҳаси шакллантирилади.
Халқаро конгрессда "Қуръоншуносликнинг замонавий босқичи: Исломий маънавий меросни ўрганишда янги ёндашувлар", "Исломдан олдинги Марказий Осиё: давлатчилик, маънавий ҳаёт, маданий мулоқот", "Исломнинг Марказий Осиёда тарқалиши: сивилизацион жараёнларнинг янги парадигмаси", «Биринчи ва Иккинчи Шарқ ренессанслари феномени", "Янги Ўзбекистон – III Ренессанс асоси", "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида": хорижий ва маҳаллий коллекцияларда янги йўналишлар", "Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси", "Ҳамкорликдаги тарихий кинолойиҳаларда маънавият ва маърифат мавзулари" халқаро кинофоруми каби жами 12 та илмий йўналишларда илмий-амалий семинарлар ташкил этилади.
Нодир МАҲМУДОВ.