Кеча бўлиб ўтган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатларнинг Монополияга қарши қонунчилик талабларини бузилиши ҳолатларини биргаликда бартараф этиш бўйича штабнинг 43-йиғилишида Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари қатнашди.
Иштирокчилар монополияга қарши қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш бўйича замонавий ёндашувларни, шу жумладан рақобат соҳасидаги қоидабузарликлардан жабрланганларни фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва нархларни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий жиҳатларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, маркетплейс платформаларининг шаффофлигини ошириш ва антимонопол комплаенс тизимларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси контрафакт маҳсулотларни сотишга жавобгарликни кучайтиришни таклиф қилди ва бу иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ушбу ташаббуслар МДҲ давлатларида рақобат муҳитини ривожлантиришга қаратилган келажакдаги қарорлар учун асос бўлади.
Бугун эса муҳокамалар МДҲга аъзо давлатларининг Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-мажлисида давом эттирилди.
Ушбу тадбир МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-йиғилиши доирасида Тожикистон, Беларус, Қирғизистон ва Россия давлатларининг делегациялари ўз чиқишларини тақдим этдилар.
Делегация вакиллари рақобат сиёсатини ривожлантириш бўйича мамлакатларда амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида сўз юритишди ва монополияга қарши бошқарувдаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Замонавий рақамли иқтисодиёт шароитида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-йиғилиши доирасида мукофотлаш маросими ўтказилди.
МДҲ давлатлари делегациялари монополияга қарши қонунчилик бузилишини олдини олиш бўйича ҳисоботни тасдиқладилар, «юмшоқ ҳуқуқ» воситаларини қўллаш масалаларини муҳокама қилдилар ва рақамли бозорларни тартибга солишнинг янги йўналишларини белгиладилар.
Йиғилиш якунида МДҲ давлатлари делегациялари томонидан Кенгашнинг янги раиси сайланди. Бу лавозимга Беларус Республикаси Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазири Алексей Богданов тасдиқланди.
Шунингдек, навбатдаги, 58-йиғилишни Россия Федерациясида ўтказиш таклифи билдирилди.