Жанубий Корея Ўзбекистонга олтита тезюрар поезд етказиб беради

    Польшанинг "Kurier Kolejowy" журнали сайтида "Hyundai Rotem" компанияси Ўзбекистонга олтита тезюрар поезд етказиб беради" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

    Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти ва Жанубий Кореянинг "Hyundai Rotem" компанияси ўртасида 250 км/соат тезликка мўлжалланган олтита тезюрар поездни етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланди, деб маълум қилинган материалда.

    Такидланишича, Ўзбекистон учун мўлжалланган тезюрар поезд "KTX-Eum" поездининг ўхшаши бўлиб, у ўз навбатида 430 км/соат тезликда ҳаракатланиш учун мўлжалланган "HEMU-430X" тезюрар поезди негизида яратилган. Ҳар бири етти вагонли поезд 389 ўринга эга бўлади ва VIP, бизнес ва эконом классларни, шунингдек, овқатланиш вагонини ўз ичига олади.

    "Ўзбекистонга тақдим этилаётган тезюрар поезд "Жалолиддин Мангуберди" деб номланади. Ушбу тезюрар поезд ишга тушгач, Тошкентдан Хивагача бўлган масофа етти соатда босиб ўтилиши кутилмоқда", – дейилади материалда.