Жеймс Уэбб сўроқ белгисига ўхшаш коинот объектини аниқлади

    Жеймс Уэбб космик телескопи сўроқ белгисига ўхшаш коинот объектини топди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

    Хусусан, фотосуратда Herbig-Haro 46/47 деб номланган бир жуфт ёш юлдузлар тасвирланган. Сомон йўли галактикасидаги Ердан 1470 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бу юлдузлар ҳали ҳам фаол шаклланиб, бир-бирини яқин масофада айланиб чиқади.

    Тадқиқотчи Кристофер Бриттнинг фикрича, бу сирли объект Ердан миллиардлаб ёруғлик йили узоқликда жойлашган икки галактиканинг бирлашишидан юзага келган бўлиши мумкин.

    Унинг сўзларига кўра, аксарият галактикалар ўз мавжудлиги давомида бир неча марта шу тарзда ўзаро таъсирга киришади, лекин бу жараён узоқ давом этмайди.

    Шунингдек, у келажакда бизнинг Сомон йўли галактикамиз ҳам Андромеда галактикаси билан бирлашиши мумкинлигини қўшимча қилди. Олимларнинг фикрига кўра, бу тахминан тўрт миллиард йилдан кейин содир бўлади, аммо у қандай шакл ҳосил қилиши номаълум, деб хабар беради mir24.tv.