Учрашув давомида томонлар мактабгача таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, шунингдек, Тошкент шаҳрида педагог кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва ривожлантириш бўйича Комплекс марказ ҳамда Инновацион мактабгача таълим ташкилотини қуришга қаратилган қўшма лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.
Корея делегацияси раҳбари мактабгача таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш салоҳиятини оширишга интилаётганини, шу билан бирга, мактабгача таълим сифатини ошириш ва педагогнинг касбий ваколатларини ривожлантиришга қаратилган янги компонентларни жорий этишга тайёр эканини таъкидлади.
Томонлар қўшма лойиҳа доирасида барпо этилаётган педагог кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва ривожлантириш Комплекс маркази ҳамда Инновацион мактабгача таълим ташкилоти республиканинг мактабгача таълим тизимига илғор хорижий тажрибани мослаштириш ва жорий этиш ҳамда мактабгача таълим тизимини ягона узлуксиз таълим тизимининг энг муҳим бўғини сифатида янада такомиллаштиришнинг яна бир воситаси бўлишига келишиб олдилар.
KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директорининг таъкидлашича, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини кўпайтириш бўйича Агентликнинг муваффақиятли фаолияти алоҳида эътиборга лойиқдир.
Музокаралар якунига кўра томонлар Тошкент шаҳрида педагог кадрларни тайёрлаш, ўқитиш ва ривожлантириш бўйича Комплекс марказ ҳамда Инновацион мактабгача таълим ташкилотини барпо этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишувга эришдилар, деб хабар беради Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати.