Кўргазма - замонавий илмий тадқиқотларга қизиқишни кучайтирди

    Тақдимотга қўйилган электр энергия ва иссиқ сув ишлаб чиқариш фото-иссиқлик қурилмаси қишлоқ ҳудудларида фойдаланиш учун мўлжалланган.

    Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илмий тадқиқотларнинг ролини ошириш, шунингдек илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини ривожлантириш бўйича бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг самарали механизмларини таъминлаш, илмий ва илмий-техник фаолиятни молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, интелектуал мулк объектлари муаллифларини ҳамда иқтисоётнинг реал сектори вакилларини рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

    Яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлимининг 5 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларининг ишланмалари кўргазмаси ҳамда “Фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси – ривожланиш ва тараққиёт гарови” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

    Ундан кўзланган асосий мақсад – маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, тоғ-кончилик, фармацевтика соҳаларини ривожлантиришдаги салмоқли илмий ҳажмдор маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда янги технологияларни тадбиқ этиш, мавжудларини такомиллаштиришдан иборат.

    Кўргазмада Материалшунослик, Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги, Ион-плазма ва лазер технологиялари, Физика-техника, Ядро физикаси, Ўсимлик моддалари кимёси, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси, Микробиология, Умумий ва ноорганик кимё, Полимерлар кимёси ва физикаси, Биоорганик кимё институтлари, ФА Қорақалпоғистон бўлими ҳамда Конструкторлик бюроси ва тажрибавий ишлаб-чиқариш илмий-техник маркази олимларининг 100 га яқин ишланмалари намойиш қилинди. Шунингдек, кўзгазмада Навоий вилоятида жойлашган йирик саноат корхоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги кластерлари вакиллари ва фермерлар, жами 200га яқин иштирокчи қатнашишди. Бундан ташқари, 10 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Болгария, Латвия, Беларусь, Россия, Хитой, Германия, Бельгия давлатлари ҳамда Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари илмий-текшириш институтлари, Илмий марказлари олимлари иштирок этишди.

    — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институтида кристалли кремнийдан тайёрланган 300 Ватт қувватга эга фотоэлектрик батарея асосида фото-иссиқлик қурилмаси (ФИҚ) ишлаб чиқилди. Мазкур тадбирда ушбу ишланманинг асосий муаллифи сифатида иштирок этдим, — дейди ЎзР Фанлар академияси Физика-техника институтининг етакчи илмий ходими Хабибулла Собиров. — Тақдимотга қўйилган электр энергия ва иссиқ сув ишлаб чиқариш фото-иссиқлик қурилмаси қишлоқ ҳудудларида фойдаланиш учун мўлжалланган. Ушбу қурилма кўргазма иштирокчиларида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

    — Ярмаркада Геномика ва биоинформатика маркази томонидан ДНК маркерлари асосида яратилган тола сифати, ҳосилдорлиги юқори бўлган “Равнақ-1” ва “Равнақ-2” ғўза навлари, шунингдек, РНК интерференция технологиясида яратилган картошканинг юқори ҳосилдор “Бисёр” нави ҳамда “Истиқболли узум навларини in vitro усулида кўпайтириш технологияси” мавзусидаги илмий ишланмалари билан иштирок этдик, — дейди Геномика ва биоинформатика маркази, Персоналлаштирилган қишлоқ хўжалигини ўрганиш бўлими мудири, биология фанлари фалсафа доктори Мухтор Дарманов. — Ушбу илмий ишланмаларга фермер ва дехқон хўжаликлари, кластерлар томонидан қизиқиш билдирилди. Бундан ташқари, Навоий вилоятидаги илмга интилувчан ёшларни магистирлик илмий ишларини Геномика ва биоинформатика маркази билан ҳамкорликда, яъни марказ олимлари илмий раҳбарлиги остида бажарилиши бўйича келишиб олинди. Бу эса ёшларни марказда олиб борилаётган замонавий илмий тадқиқот ишларига қизиқишини янада орттирди.

    Мазкур кўргазма ва халқаро конференция олимлар томонидан яратилаётган илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, сўнгги илмий ишлар натижалари билан кенг жамоатчиликни таништириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш имконини беради.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates