Миграция агентлигининг маълум қилишича, сўнгги пайтларда лицензияга эга бўлмаган ҳолда, фуқароларни хорижга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, консалтинг ёки ахборот хизмати ниқоби остида ноқонуний фаолият юритувчи шахслар кўпайган.
Агентлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида “Worldvisa” МЧЖ, “Everyone Consult” МЧЖ va “Adworld Group” МЧЖ ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги эълонлари орқали юртдошларимизни хорижга ишга юбориш хизматларини кўрсатаётганликлари, фуқаролардан пул йиғиб, хизмат кўрсатмаганлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу жамиятларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар юзасидан тегишли жарималар қўлланилди.
Миграция агентлиги лицензияга эга бўлмаган ташкилотлар орқали хорижда ишга жойлашишга уриниш фуқароларнинг молиявий ва ҳуқуқий хавф-хатарга дучор бўлишига олиб келишидан огоҳлантирди.
Агентлик фуқаролардан ўз хавфсизлиги учун расмий рўйхатдаги агентликлар билан ҳамкорлик қилишни, ҳар қандай шартномани имзолашдан олдин уни синчиклаб ўқиб чиқишни, шубҳали тўловларни амалга оширмасликни эслатиб ўтди.









