Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети ташаббуси билан 24 январь куни ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида “Медиа маконда миллий контент яратиш масъулияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Журналистлар уюшмаси раиси, уюшма масъуллари, ЎзДЖТУ профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди. Тадбирни университетнинг халқаро журналистика факультети декани Амрулло Каримов очиб берди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов бугунги кунда медиа маконда миллий контент яратиш зарурати хусусида тўхталиб, бу борада қилинаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, соҳада ҳали қилинажак ишлар кўплигини маълум қилди.
“Ёш журналистлар” Кенгашининг раиси Шуҳрат Орипов ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, бугунги кундаги журналистлар олдида турган муҳим вазифалар, муаммо ва ечимлар борасида фикрларини билдирди.
Тадбир иштирокчилари ҳам ўз таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Хусусан, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети доценти, филология фанлари доктори Климентина Исмаилова халқаро тренинглар ўтказишдаги оқсалишлар, таҳлилий мақолалардаги камчиликлар, медиа саводхонлик, хусусан, интернет нашрларида эълон қилинаётган материаллардаги хатоликлар борасида тўхталиб, бу йўналишда янгиланишлар қилиниши лозимлигини таъкидлади.
ЎзДЖТУ ўқитувчиси Шаҳноза Алиева эса махсус йўналишларни қамраб оладиган газеталар йўқлиги, бу борада ривожланган давлатлар тажрибаси ҳақида фикрларини билдирар экан, босма матбуот зарурати хусусида алоҳида тўхталди.
Талаба Занжилой Абдусаломова эса газеталар қошида маҳорат дарслари, устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш бўйича таклифларини билдирди.