Маҳалладаги ёшлар етакчиси ҳудудлардаги ўғил-қизларнинг муаммосини ҳал этишда кўприк вазифасини ўтайди

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил 27 январь сонида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари, “Yoshlar — kelajagimiz” жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Сатторовнинг "Маҳалладаги ёшлар етакчиси ҳудудлардаги ўғил-қизларнинг муаммосини ҳал этишда кўприк вазифасини ўтайди" номли мақоласи эълон қилинди.

    Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор ёшлар ва уларнинг интеллектуал салоҳияти ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканини инобатга олган ҳолда, мазкур қатламнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш кун тартибидаги муҳим вазифадир.

    Ёш авлод келажаги эса ҳамиша Ўзбекистон сиёсатининг марказида бўлган. Бугун ҳам юртимизда юзага келган муаммоларни бартараф этиш, ёшларнинг камолоти ва тарбиясига ижобий таъсир қилувчи шарт-шароит яратиш учун барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

    Ўзбекистон — ҳақиқий маънода ёшлар мамлакати. Бу юртда улғаяётган йигит-қизларнинг орзулари ва ўз олдига қўйган мақсадлари бисёр. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қўллаб-қувватлови эса уларга бу мақсадларни амалга оширишда кўмак беради. Президентимизнинг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, деган сўзлари ёшлар учун катта марралар сари йўл очди. Ўтган даврда ёшларни ҳар томонлама қўллабқувватлаш мақсадида қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Улар асосида ёшларнинг

    интилиш ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга оид раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтириш бўйича мустаҳкам тизим яратилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар давоми сифатида Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

    Қарорга мувофиқ, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳар ва шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши белгиланди.

    Ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали ишлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш етакчиларнинг асосий вазифаси сифатида қайд этилди. Навқирон авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топиши ва маънавий ривожланишини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш вазифаси юклатилди.

    Шунингдек, етакчиларнинг ўзига бириктирилган маҳаллаларда мақом, бахшичилик ва эстрада бўйича танловлар, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, саломатлик учун 5 000 қадам юриш марафони ҳамда “Ёш эколог” акциясини ўтказиши, шу билан бирга, мини футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, велоспорт, югуриш, шахмат, шашка, бадминтон, камондан отиш бўйича мусобақаларини ташкил этиши зарурлиги таъкидланди.

    Лавозимга номзодлар эса туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолиниши қайд этилди.

    ЮНИСЕФ, Ёшлар иттифоқи ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган ва “Ўзбекистон ёшлари: муаммо ва истиқболлар” деб номланган йирик тадқиқот натижалари асосида тайёрланган ҳисоботда Ўзбекистон 15-20 йилдан сўнг ноёб демографик дивидендни қўлга киритиши таъкидлаб ўтилган.

    2048 йилга бориб мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони тарихий юқори даражага етиши кутилмоқда. Табиийки, уларнинг салмоқли қисмини ёшлар ташкил қилади. Ҳозир давлат олдидаги асосий вазифа демографик дивидендни қўлдан бой бермаслик ҳамда ундан максимал фойдаланишдан иборат. Бошқача айтганда, ҳукумат инсон капиталига, яъни ёшларнинг сифатли таълим олиши ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга катта ҳажмда инвестиция киритиши зарур. Бу келажакда нафақат иқтисодиётни юксалтириш, балки ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш — камбағаллик ва салоҳиятли кадрлар миграциясини қисқартириш, ишсизликни бартараф этиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш имконини беради.

    Маълумотларга кўра, ўқишни битиргач, уйда ўтириб қолаётган ёшлар орасида аёллар салмоғи анча юқори — 51 фоиз. 18 ёшдан кейин мазкур кўрсаткич янада ортиб, 74 фоизга етмоқда. Бунинг сабаби қизлар оила юмушлари билан машғуллиги ҳамда даромад топиш учун бошқа жойга кўчиб ўтиш имконияти чеклангани билан изоҳланади. Қишлоқ ёшлари шаҳарликларга қараганда олий таълим муассасаларига камроқ ўқишга киради. Шу боис, уларда тадбиркорликка қизиқиш юқори. Мамлакатимизда стартап лойиҳаларга қишлоқ ёшлари қўл урмоқда. Аёллар, асосан, соғлиқни сақлаш, таълим ва қайта ишлаш саноатида банд. Эркаклар орасида нисбатан оммалашган касблар қурувчилик ва фермерлик ҳисобланади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшлар билан мулоқот фақат идораларда ёки мактабларда бўлмайди. Мулоқотни узвий равишда йўлга қўйиш учун, биринчи навбатда, ёшлар ичига қучоқ очиб кириб бориш талаб этилади. Айнан мана шундай шароитда ёшлар етакчисига зарурат сезилади.

    Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маълумотларига қараганда, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, юртимиз бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари сони 9255 тани ташкил этмоқда. Шундан 41 таси шаҳарча, 81 таси қишлоқ, 164 таси овул, 8969 таси маҳалла фуқаролар йиғини ҳисобланади.

    Энди тасаввур қилинг, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирида етакчиларнинг бўлиши мавжуд вазиятни қанчалик енгиллаштиради? Ўйлашимизча, улар ҳукумат ва ёшлар орасидаги масофани янада яқинлаштиради, ўғил-қизлар билан ишлашнинг янгича усулларини ишлаб чиққан ҳолда жамият ривожи учун улкан ҳисса қўшади.

    Ёшлар етакчиси таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этишда турли муассасалар ҳамда ёшлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, уларнинг турли жараёнларга мослашувига кўмаклашади. Йигит-қизларга услубий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатган ҳолда Ватанга муҳаббат ҳиссини оширади. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш бўйича мунтазам таҳлил қилиб боради ва иш сифатини оширади. Шунингдек, уларнинг ижтимоий аҳволидан доимий хабардор бўлиб туради.

    Ёшлар етакчиси, ўз навбатида, давлат билан тенгқурлари ўртасидаги воситачига айланади. У ёшларнинг манфаати ва муаммоларини таҳлил қилади. Уларнинг мавжуд қобилиятидан келиб чиқиб, тўғри мақсад сари йўналтиради. Шунингдек, салоҳиятини ривожлантиришнинг индивидуал йўналишини излаб топади.

    Зеро, ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритувчи кадрлар ёшларнинг таълимга нисбатан қизиқишини аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқади. Уларнинг ташаббусини амалга оширишга ёрдам беради. Ёшларнинг ўқиши ва таълимдаги ютуқларини лойиҳалаштириш, таҳлил қилиш ва тақдим этишга кўмаклашади. Ёшлар билан уларнинг ютуқ ва қийинчиликларини, турли жойларда ва турли тадбирларда амалга ошириладиган фаолиятнинг қай даражада самарадорлигини, синов ҳаракатларида самарали ишлашга таъсирини таҳлил қилувчи тадбирларни ўтказади.

    Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун жиҳатидан бевосита уларга нақадар дахлдор эканини англаймиз. Зеро, ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги, албатта, давлатнинг етакчи кучи ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

    Хайрулла САТТОРОВ,

    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раисининг биринчи ўринбосари,

    “YOSHLAR — KELAJAGIMIZ” жамғармаси ижрочи директори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates