Мактабдан касбга йўналтирувчи тизим

    мустақил ҳаётга дадил қадам қўйишга ёрдам беради

    Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида умумтаълим мактаблари касб ўрганиш истагидаги битирувчиларининг давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизимни жорий этиш вазифаси белгиланган. Ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар ўқувчиларнинг муайян касб ўрганиб, махсус малакага эга, рақобатбардош кадр бўлиб етишишига хизмат қилади. Зеро, иқтисодиёт барқарорлиги, барча соҳаларда ривожланган давлатлар билан беллаша олиш ҳам меҳнат бозоридаги кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ. Бундай кадрлар эса, энг аввало, мактабда шаклланади.

    Касб­-ҳунарга йўналтиришда ўқувчиларнинг маънавий­-ахлоқий фазилатлари билан бирга улар танлаётган соҳага лаёқати қай даражада мувофиқлигини аниқлаш, бу борада фан ўқитувчилари, синф раҳбарлари, ота­оналар ва маҳалла фаолларининг шахсий намунаси ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш катта аҳамият касб этади.

    Ўқувчиларнинг касб­-ҳунар ҳақидаги тасаввурини кенгайтириш ва қизиқишини аниқлаш мақсадида халқ таълими тизимида ўқитилаётган 18 та умумтаълим фанлари бўйича Миллий ўқув дастури доирасида яратилаётган замонавий дарсликларга 302 та касбга оид мавзулар киритилди. Дарс жараёнида мазкур касблар ҳақидаги тушунчалар ўқувчиларга ҳаётий мисоллар орқали етказилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ўғил­-қизларнинг ҳунар эгаллаш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали хизматлар кўрсатиш (фрилансинг) йўналишига қизиқишини аниқлашга кўмаклашаётир.

    Касб эгаларининг меҳнат фаолияти билан яқиндан таништириш учун турли учрашув ва сайёр машғулотлар ташкил этилаётгани болаларнинг соҳалар ҳақидаги тасаввурини бойитяпти. Жумладан, йил давомида 9-­11­ cинф ўқувчилари учун ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва агротехнология йўналишидаги корхона ва ташкилотларга 34 мингга яқин экскурсия ташкил этилди.

    Ўғил-­қизларнинг келажакда муносиб касб эгаси бўлишига кўмаклашиш мақсадида kasb.maktab.uz ва profnavigator.uz электрон платформаларида тестлар мажмуаси берилган. Улар орқали ўқувчилар ўзининг қайси касбга қобилиятли эканини аниқлаши мумкин. Ўқувчиларни замонавий касбларга йўналтириш ва ўқитиш учун “Milliy ta’lim resurslari”да 25 дан зиёд замонавий соҳани ўргатувчи 700 дан, “kasb.maktab.uz”да 500 дан, “profnavigator.uz”да 450 дан ортиқ видеодарслик, видеоконтент, тақдимот ҳамда профессиограмма жойлаштирилган. Айни пайтда ўқувчилар мазкур манбалардан унумли фойдаланиб, ўзини қизиқтирган касблар ҳақида батафсил маълумот олиш билан бирга ушбу касбларни ўрганиш имкониятига ҳам эга.

    Жумладан, умумтаълим мактабларининг 11­ синф битирувчиларини касб­-ҳунарга йўналтириш бўйича Андижон, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида тажриба-­синов ўтказилди. Натижада 2020/2021 ўқув йилида Андижон вилоятида 4 мингга яқин битирувчи ишга жойлашди, 14 минг 129 нафар йигит­-қиз ўзини ўзи банд қилиш тартиби бўйича ҳунар билан шуғулланмоқда. Қарийб 8 минг битирувчига ҳунармандлик ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун 114,2 миллиард сўм кредит ажратилди. Мазкур амалий ишлар 2021/2022 ўқув йилида ҳам давом эттирилди.

    Навоий вилоятида умумий ўрта таълим мактабларининг 11­ синф ўқувчиларини касбга ўқитиш бўйича вилоят ҳокимлиги, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази, “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгаши ҳамда халқ таълими бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Натижада 2021/2022 ўқув йилида ҳудуддаги мактабларни тамомлаган 11 минг 134 ўқувчидан 10 минг 678 нафари 21 та йўналиш бўйича шартнома асосида қисқа муддатли касбга ўқитиш курсларига жалб этилди.

    Ҳар бир касб эгаси мураббий кўмагида камолга етади. Ҳунар эгаллаш истагидаги ўқувчиларни устозга бириктириш орқали соҳага оид зарур тажриба ва маҳоратини шакллантириш, билим ва кўникмасини ривожлантириш мумкин. Шу боис, умумтаълим мактабларининг 10-­11­ синфида таълим олаётган 124 минг 374 нафар ўғил-­қизнинг келгусида касбни тўғри танлашига кўмаклашиш мақсадида 60 минг 237 нафар ота-­она “устоз-­шогирд” анъанаси асосида 32 та касб бўйича ўқувчиларни шогирдликка олиш истагини билдирган.

    Самарқанд вилоятида ўқувчиларни касб-­ҳунарга йўналтириш ва ҳаётда муносиб ўрин топишини таъминлаш учун вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази, КОIСА маркази билан ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бу ерда ҳам ҳунар ўрганиб, келгусида даромад топишига кўмаклашиш мақсадида 7­-11 ­синф ўқувчиларининг 2 минг 117 нафари “устоз-­шогирд” анъанаси асосида ҳунарманд усталарга, 2 минг 479 ўғил­қиз тадбиркорларга бириктирилди. Қашқадарё вилоятида эса, ўқувчиларга замонавий соҳалар ҳақида қўшимча маълумот бериш, касбга қизиқишини инобатга олиб, дарсдан ташқари вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Қашқадарё тажрибаси сифатида “Касбга йўналтириш соати” ташкил этилди. Жараёнда вилоятдаги 1 минг 217 та умумтаълим муассасасидаги 266 минг нафардан ортиқ 7-­11 ­синф ўқувчисига замонавий касблар тўғрисида тушунча бериш йўлга қўйилди. “Касбга йўналтириш соати”да ўқувчиларнинг қизиқишини аниқлаш ва муайян соҳага йўналтириш, олий таълим муассасаларидаги мутахассисликлар ҳамда ишчи касблар тўғрисида қўшимча маълумотлар, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган электрон платформалар орқали болаларга ўзлари қизиққан касблар бўйича онлайн ўқув курсларда ўқиши учун тегишли тавсиялар бериш, технология ва информатика хоналаридан самарали фойдаланиш имкони яратилди.

    Ўқувчиларни касбга йўналтириш жараёнида, биринчи навбатда, уларнинг қобилияти ва меҳнати жамият манфаатларига мос тарзда эътиборга олиниши лозим. Жараёнда турли соҳалар, уларни эгаллаш учун қўйиладиган талаблар, танлаган йўналиши бўйича мутахассис тайёрлайдиган муассасалар тўғрисида маълумот бериш катта аҳамиятга эга. Бу ўғил­-қизларни касб танлашга онгли муносабатда бўлишга тайёрлайди.

    Жиззах вилояти бандлик ва халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида мингга яқин мактаб битирувчиси “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда касб-­ҳунар ўқув марказларида қизиқиши, ҳудуднинг ижтимоий имкониятидан келиб чиқиб муайян касбларга ўқитилган ва сертификат берилган. Шу билан бирга, 524 битирувчи туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан доимий иш билан таъминланган. Қолган битирувчилар ўқишни олий таълим муассасаларида давом эттираётган бўлса­да, улар ҳам касб-­ҳунарга эга. Берилган сертификатлар асосида келгусида ишлаши ҳам мумкин.

    Мактаб битирувчиларига олий таълим муассасалари ҳақида кенг қамровли маълумот етказиш мақсадида сентярь-­октябрь ойларида Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Навоий, Хоразм, Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида “My Fair” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда халқаро кўргазмалар ташкил этилди.

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда мактаб битирувчиларининг касбга қизиқишини ошириш учун профессионал таълим муассасаларида “Касб ва ёшлар” очиқ мулоқот ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланди. Юртимиздаги 270 та профессионал таълим муассасасида “Касб ва ёшлар” мулоқот ойлиги ўтказилиб, унга 400 мингдан зиёд ўқувчи жалб этилди.

    Ўқувчилар технология фани дарсларида меҳнатнинг ҳар хил турларига оид билимларни олиш билан бирга махсус кўникма ва малакага ҳам эга бўлади. Қобилиятини ривожлантиради, амалий машғулотда лаёқатини синаб кўради. Шу боис, касбга йўналтиришни умумтаълим мактаби фаолиятининг таркибий қисми, деб бемалол айтиш мумкин. Чунки ўқишдан мақсад инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиши, тирикчилиги учун зарур миқдорда даромад орттиришидир. Агар касб тўғри танланган бўлса, меҳнат эгаси учун қувонч, илҳом манбаига айланади. Бу эса инсон учун ҳам, жамият учун ҳам бирдек фойдали. Шунинг учун ўқувчиларни касбга йўналтиришга ижтимоий­-педагогик масала сифатида қараш ҳар жиҳатдан тўғри.

    Касбга йўналтириш тизими шахсга муайян соҳа ва унга доир зарур кўникмаларни ўрганишда ёрдам берувчи мақсад, моҳият, принцип, услуб ва воситалар бирлигидир. Бу вазифа барча ўқув­-тарбия ишлари билан боғлиқ ҳолда олиб борилади. Ўқувчини у ёки бу касбга мақсадли йўналтиришдан аввал унинг шахсини ўрганиш лозим. Бунинг учун уни кузатиш (бевосита ҳамда билвосита), мактабдаги, жамоат жойларидаги, оила ва меҳнатдаги амалий ҳаракатини таҳлил қилиш, сўровнома ўтказиш, суҳбат, тест, интервью олиш мумкин. Ўғил-­қизлар касблар тўғрисидаги маълумот, билимларни нафақат мактабда, балки оммавий ахборот воситалари орқали, танишлари, қариндошларидан ҳам билиб олади.

    Ойдин ва равон ҳаёт йўли очилиши учун ёшлар кўп куч-­ғайрат сарфлаши, энг асосийси, кўнглига ёққан, жамиятга зарур ва фойдали соҳани танлаши лозим. Шу боис, мактабни битираётган йигит-­қизлар қандай касб эгаси бўлиш тўғрисида кўп ўйлайди. Мамлакатимизда эса турли касбларни эгаллаш учун барча шароит яратилган. Фақат бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ҳаётда қўллаш зарур.

    Комилжон Мусаев,

    Халқ таълими вазирлигининг ўқувчиларни касбга йўналтириш

    ва меҳнат бозорига тайёрлаш бўлими бошлиғи.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates