Маърифатли ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари

    Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, келажаги бугунги ёшларга, уларнинг билим ва тафаккурига, илмий салоҳиятига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бинобарин, айни кунларда мактаб партасида ўтирган, техникум ёки олийгоҳда ўқиётган, устозидан ҳунар ўрганаётган навқирон йигит-қизлар эртага ўз касбининг эгаси, етук кадрлар бўлиб етишади, мамлакат тараққиётига сезиларли ҳисса қўшадиган авлодга айланади.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларда фаол қатнашаётган, бемисл ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриб-билиб улғаяётган ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари, десак янглишмаган бўламиз.

    Аҳолисининг ярмидан кўпини айнан ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 28 июнь куни Президентимиз раислигида ёшлар сиёсатига оид видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқот чоғида ҳам шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Йиғилишда таъкидланганидек, кейинги етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

    Дарҳақиқат, бугун ёшларнинг камолоти йўлида катта ишлар бажариляпти, улар билан ишлашда янгича тизим йўлга қўйилиб, қувонарли натижаларга эришиляпти. Таъкидлаш керакки, соҳада амалга оширилаётган барча ишларнинг бош мақсади – юртимиз ёшларини маърифатли қилиш, уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашдан иборат. Шу асосда уларнинг ҳар бири ҳаётда ўз ўрнини топиши, ахлоқий, жисмоний, интеллектуал, ижодий жиҳатдан ривожланиши, мамлакат тараққиёти ва жамият ривожи учун дахлдорлик хислатларини камол топтиришдир.

    Фарғона вилояти мисолида оладиган бўлсак, вилоят аҳолисининг 1 миллионга яқинини 14-30 ёшдагилар ташкил этади. Уларнинг ҳар бири давлатимиз эътиборини ҳис этиши, орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан энг қуйи бўғин – маҳаллада ёшлар билан ишлашга эътибор қаратилиб, улар билан индивидуал ишлаш, эътиборга муҳтож ёшларнинг муаммоларини бартараф этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш асосий вазифа сифатида қаралмоқда. “Оғир” тоифадаги ёшлар бириктирилаётган раҳбарларга маҳаллалардаги истеъдодли ва иқтидорли ёшларни ҳам номма-ном бириктириш амалиёти жорий этилмоқда.

    Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилган ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича туман-шаҳар, сектор ва маҳаллалар кесимида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Масъул раҳбарлар томонидан ўзларига бириктирилган ёшлар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда, уларни қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар аниқланиб, ечимлар изланмоқда, турли йўналишларда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

    Жорий йил бошида Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига ёшларни бириктириш, уларни оталиққа олиш ҳамда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилганди. Шунга асосан вилоят бўйича 325 минг нафар ёшлар ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари ҳамда уларнинг қуйи бўлинмалари ходимларига тақсимланиб, шахсан оталиққа олиниши ва кафил бўлиши орқали уларда ватанпарварлик, жамият хаётига дахлдорлик ва қонунларга ҳурмат каби эзгу туйғулар шакллантирилишига эришилмоқда.

    Жорий йилда вилоят бўйича 10 минг 266 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 5 минг 777 нафарига манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатилди. Вилоятимиздаги ҳар бир маҳаллада “фуқаробай” тасдиқланган “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, ижро ҳолати кунлик таҳлил қилиб борилмоқда, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ёшлар етакчилари томонидан хорижда ишлаш ва ўқиш истагини билдирган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, тил ва касб-ҳунар ўргатиш, меҳнат шароити, иш ҳақи юқори бўлган ривожланган давлатларга шартнома асосида жўнатиш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, китобхонликка жалб этиш борасида ҳам кўплаб ишлар олиб борилмоқда.

    Бинобарин, бугун вилоятнинг қайси ҳудудига борманг, турли соҳаларда намунали меҳнат қилаётган, тил ва касб-ҳунар ўрганаётган, ўқув марказларида билимини чуқурлаштираётган йигит-қизлар кўплигини кўриб, қувонасан киши. Ёшларимиз орасида тадбиркорликни йўлга қўйган, янги ғоялар ташаббускори бўлгани, таълим, маданият, спорт каби соҳаларда ютуқларга эришаётганлари жуда кўп. Бу каби ёшлар бошқаларга ибрат бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Умуман, ёшларимизни маънавий-ахлоқий камол топтириш, маърифатли қилиш, уларнинг эртага “бутун шахс”лар бўлиб етишишлари йўлида ҳали қилинадиган ишлар бисёр. Уларни тизимли равишда амалга ошириш, ютуқлар сонини кўпайтириб, муаммоли ҳолатларни камайтириш мутасаддилардан тортиб, ўзини мана шу юрт фарзандиман деган ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи, десак адашмаган бўламиз. Зеро, жаннатмакон ватанимиз жамоли бугун кечагидан гўзалроқ, халқимиз турмуши эртага бугунгидан-да обод ва фаровон бўлиши айнан шу борада қанчалик тер тўкишимиз, жон куйдиришимизга боғлиқ.

    Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими раҳбари.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates