Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади

    Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида «Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

    Қайд этилганидек, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келяпти.

    Мазкур Қонунга асосан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлар белгиланяпти.

    Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Банк сири тўғрисида»ги, «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги ва «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритиляпти.

    Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлик ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритиляпти.

    Бундан ташқари, банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар Қонунда акс эттирилади.

    Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.