Маслаҳат учрашувлари — ўзгаришларнинг ёрқин тимсоли

    Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласини мутолаа қилар эканман, унда баён этилган фикрларнинг кенг қамрови, минтақамизнинг бугунги ҳолати ва келажак истиқболи юзасидан берилган аниқ таҳлиллар мени ўйга толдирди, бир вақтнинг ўзида илҳомлантирди.

    Мақола кўз ўнгимда Марказий Осиёнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган зиёли масъулияти, халқимиз манфаатлари учун қайғуриш, яқин қўшнилар билан ўзаро ишончни тиклаш йўлидаги қатъий сиёсий ироданинг ёрқин ифодаси баёни ўлароқ намоён бўлди.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда минтақамизда шаклланаётган яхши қўшничилик, тенглик ва ўзаро ҳурматга асосланган “Янги Марказий Осиё” сиёсати сўнгги йилларда биз гувоҳ бўлаётган реал ўзгаришларнинг энг асосий таянчидир. Ма­қолада мазкур жараённинг ички мантиғи, та­рихий илдизлари ва келажак йўналиши чуқур таҳлил қилинган.

    Шахсан мен таълим ва илм-фан соҳаси вакили сифатида мақолада илгари сурил­ган фикрларнинг таъсирчанлиги ва дол­зарблигини чуқур ҳис қилдим. Зеро, бугун Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар нафақат сиёсатчилар ёки экспертлар дои­расидаги мавзу, балки ҳар бир зиёли, ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир ёш авлод вакили учун бевосита тааллуқли бўлган тарихий бурилишдир.

    Ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити

    Кейинги йилларда Марказий Осиё энг фаол сиёсий даврларидан бирини бошдан ке­чирмоқда. Тарихий жараёнларни чуқур таҳ­лил қилган ҳолда айтиш мумкинки, минтақа бир пайтлар тарқоқлик, эҳтиёткорлик ва ички низолар таъсири остида бўлган муҳитдан мутлақо янги босқичга ўтмоқда. Бу босқич­нинг асосий белгилари ўзаро ишонч, яхши қўшничилик тамойиллари ва прагматик ҳам­корлик руҳида мужассам.

    Президентимиз илгари сураётган халқчил ғоялар айнан шу жараённинг илмий-сиёсий асосини ташкил этади. Шу маънода, илғаш қийин эмаски, минтақадаги асосий ташаб­бусларнинг мазмуни бугунги кунда, энг ав­вало, халқнинг кундалик ҳаётида яққол се­зилмоқда. Хусусан, қўшни давлатлар билан чегара масаласи соддалашиб, қардош эллар­нинг борди-келди муносабатлари осонлаш­ди. Янги ўтиш пунктлари, қўшимча автобус, темир йўл ва авиақатновлар, ID карта билан эркин ҳаракатланиш — буларнинг барчаси минтақанинг ижтимоий интеграциясини мус­таҳкамлаяпти.

    Шунингдек, Марказий Осиё глобал сиё­сий-иқтисодий жараёнларда ўз ўрнини қай­та белгилаётган ҳудудга айланиб бормоқда. Бу ўзгаришлар, аввало, давлатлар ўртасида шаклланган ўзаро ишонч муҳитига, сўнг­ги йилларда минтақада юзага келган янги дипломатик маданиятга таянади. Президен­тимиз таъкидлаганидек, “Минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргалик­да олдинга қараб боришимиз учун пойде­вор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда”.

    Албатта, мазкур фикрлар замирида чу­қур мазмун мужассам. Мустақилликнинг дастлабки йилларида турли сабабларга кўра етарли даражада ривожланмаган му­лоқот бугун ўзининг энг конструктив бос­қичига кирди. Айнан мана шу ишонч Мар­казий Осиёда янги сиёсий уйғонишнинг бошланишига сабаб бўлди. Қисқа давр ичида давлатлар бир-бирига шубҳа билан қараш муҳитидан манфаатлар уйғунлигига асосланган ҳамкорлик моделига ўтишга му­ваффақ бўлди.

    Тарихнинг ҳар бир даврида шундай бу­рилиш нуқталари бўладики, улар келажак ўн йилликлар тақдирини белгилаб беради. Марказий Осиё ҳозир айнан шундай бос­қичда турибди. Бу жараённинг кучли жиҳати шундаки, минтақа давлатлари ташқи босим­сиз, воситачиларсиз, ўз манфаатлари асосида янги сиёсий макон яратмоқда.

    2017 йилда бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қисқа вақт ичида минтақавий мулоқотнинг асосий платформасига айланди. Авваллари ташқи кучлар иштирокисиз бу қадар муҳим масалалар бўйича тизимли мулоқот қилишни тасаввур этиш ҳам қийин эди. Бугун эса айнан шу учрашувлар минтақа сиёсий архитектурасининг пойдеворини ташкил этмоқда.

    Хусусан, охирги йилларда минтақа раҳбарларининг Маслаҳат учрашувла­ри Марказий Осиёнинг сиёсий ритмини ўзгартирди. Президентимиз бу жараён­ни қуйидагича ифодалайди:

    “Маслаҳат учрашувлари минтақамизда бўлаётган ўзгаришларнинг ёрқин тимсолидир… Улар стратегик масалалар бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асосий мулоқот майдонига айланди”.

    Жуда тўғри баҳо. Зеро, айнан шу форматда минтақа барқарорлигига таъсир қилувчи энг мурак­каб масалалар муҳокама қилинмоқда. Йил­лар давомида ўта мураккаб ва чигаллигича қолаётган тушунмовчиликлар мулоқот, дип­ломатик маданият, ўзаро ҳурмат орқали ҳал этилмоқда.

    Яна бир муҳим масала — чегараларнинг белгиланиши минтақа тарихидаги энг катта ютуқлардан биридир. Бир пайтлар ечимини топиш амри маҳол бўлган масалалар бугун­ги конструктив мулоқотлар орқали ижобий ҳал бўлаётгани фикримизнинг яққол дали­лидир. Бу жараёнларнинг муваффақиятли амалга оширилиши эса ўзаро ишончнинг том маънодаги сиёсий капиталга айлан­ганидан далолат. Давлатимиз раҳбари ма­қоласида мазкур масалага алоҳида эъти­бор қаратар экан, ҳақли равишда “Бизни ажратиб турган чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланди”, дея таъкидлади.

    Шу билан бирга, сув-энергетика тармоғи бўйича ҳамкорликда сезиларли ижобий ўзгаришлар юз бергани ҳам қайд этиб ўтилди.

    “Сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда… Бу қардошларча ҳамкорликнинг ёрқин далилидир”, деди Президентимиз.

    Дарҳақиқат, Марказий Осиё сув захиралари бўйича мураккаб минтақа. Дарё ҳавзалари умумий, лекин давлатларнинг эҳтиёжлари турлича. Шундай шароитда барча учун манфаатли келишувга эришиш осон иш эмас. Қамбарота ГЭС-1, Зафаробод ГЭС лойиҳалари, Қайроққум сув омборини бошқариш бўйича келишувлар минтақанинг энг нозик соҳаларидан бирида юзага келган ишончнинг реал тасдиғидир. Бу каби ютуқларни ҳеч иккиланмай экологик барқарорлик, энергетик хавфсизлик ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш йўлида қўйилган тарихий қадам сифатида баҳолаш мумкин.

    Иқтисодий интеграция: рақамлар ортидаги асосий маъно

    Ўтган саккиз йиллик иқтисодий кўрсат­кичлар Марказий Осиёдаги ҳамкорлик са­марадорлигини яққол кўрсатади. ЯИМ 2,5 баробар, ўзаро савдо 2 баробар кўпайгани, қўшма инвестицияларнинг қўшилган қийма­ти кескин ошгани ортида янги логистика йў­лаклари, янги саноат тармоқлари, соддалаш­тирилган тартиблар ва албатта, ўзаро ишонч муҳити турибди. Ушбу рақамлар минтақа интеграциясининг қанчалик реал эканини тасдиқлайди. Ҳудудлараро савдо кенгайиши, логистика йўлаклари ривожи, автомобил­созлик, энергетика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар кўпайиши Марказий Осиёни битта иқтисодий маконга айлантириш йўлидаги асосий босқичлар са­налади.

    Бу ўсишнинг энг муҳим манбаларидан бири янги кооперация маданияти шаклла­нишидир. Илгари рақобат майдони бўлган айрим соҳалар бугун амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларига айланган. Қамбарота ГЭС-1 каби йирик лойиҳалар, энергетик зан­жирларни уйғунлаштириш, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма ташаб­буслар — буларнинг барчаси минтақа иқти­содиётининг келгуси ўн йиллик динамикаси­ни белгилайди.

    Мана шундай ўзгаришлар самараси ўла­роқ, минтақа глобал иқтисодиётнинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Ташқи ҳамкор­лар Марказий Осиёга бир бутун бозор сифа­тида қарай бошлади. Бу эса йирик инвести­циялар оқими, технологиялар кириб келиши ва экспорт салоҳияти ошишига хизмат қил­моқда.

    Ташқи сиёсатда уйғунлик

    “Марказий Осиё плюс” форматлари бу­гунги глобал сиёсатда минтақанинг мус­таҳкам ўрнини белгилаб бермоқда. Айни форматлар орқали Марказий Осиё дав­латлари биргаликда ташқи сиёсий пози­цияларни мувофиқлаштириб, йирик ҳам­корлар билан ягона минтақавий манфаат асосида мулоқот қилмоқда. Президенти­миз мақоласида ушбу мавзуга эътибор қаратар экан, “Марказий Осиё +” фор­матлари минтақанинг халқаро субъект сифатидаги мавқеини кучайтираётга­ни”ни қайд этди.

    Бугунги геосиёсий ўзгаришлар шароити­да бу ниҳоятда муҳим. Ушбу форматларнинг фаоллашуви Марказий Осиё давлатларига ташқи иқтисодий, энергетик ва транспорт лойиҳаларида янги имкониятлар яратмоқда. Негаки ягона минтақавий позиция инвес­тициялар оқимини оширади, ташқи сиёсий мувозанатни мустаҳкамлайди, минтақанинг глобал бозорлар билан алоқаларини янги босқичга олиб чиқади.

    Тинчлик йўлидаги изланишлар, гумани­тар ёрдам, таълим дастурлари, Трансафғон темир йўли лойиҳаси Ўзбекистон ва умуман, минтақа ташқи сиёсатининг муҳим бўлаги­дир. Мақолада таъкидланганидек, бу борада Афғонистон масаласини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

    Президентимиз мазкур масалага ало­ҳида урғу бериб, “Афғонистон умумий минтақамизнинг бир қисми, уни тик­ламасдан туриб барқарорликка эришиб бўлмайди”, деди. Бу позиция Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принципла­ридан бири. Афғонистонда барқарорлик­нинг йўқлиги минтақа хавфсизлигига таъсир қилмасдан қолмайди. Шу сабабли транспорт лойиҳалари, гуманитар ёрдам, таълим дастурлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам стратегик заруратдир.

    Дилшод РУСТАМОВ,

    филология фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates