Масъулият ва юксак мақсад давр шиддатидан илдам бўлишни талаб этади

    Таълим 9 июн 2025 2100

    Бугун жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёни, техника тараққиёти тобора илғорлаб кетаётгани ҳар биримиздан кечагидан кўра тезроқ, илдамроқ ҳаракатланишни талаб этади. Бу, айниқса, муҳандислик соҳасига кўпроқ тегишли.

    Президентимиз 2024 йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Натижада муҳандислар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари оптималлаштирилди. Уларнинг нуфузли саноат корхоналари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланди. Истиқболли дастурлар тузилди. Мақсадлар қатъийлашди.

    Қарши давлат техника университети ташкил этилишини ҳам ушбу янгиланишлар меваси, дейиш мумкин. Президентимизнинг 2024 йил 10 декабрдаги “Қарши давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали негизида Қарши давлат техника университети ташкил этилди. Шунингдек, университетнинг вазифалари, ҳуқуқлари, фаолият йўналишлари ҳам қарор асосида аниқ-тиниқ белгилаб берилди. Университет фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

    Қашқадарё Ўзбекистоннинг жанубидаги саноати ривожланган ҳудуд. Шундан келиб чиқиб, университетимизда асосий эътибор муҳандислик, геология, ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт, энергетика, ахборот технологиялари ва дастурлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда ирригация тизимлари, агротехнологиялар соҳалари бўйича кадрлар тайёрлашга қаратилади. Шу боис йирик корхоналар билан ҳамкорлигимиз ҳам айнан кадрлар тайёрлаш жараёни билан бевосита боғлиқ. Масалан, корхоналар мутахассислари таълим жараёнига жалб этилиб, стипендия ва амалиёт дастурлари изчил амалга ошириб келинмоқда. Корхоналар билан дуал таълимни ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланган.

    Дунё билан бўйлашаётган эканмиз, маррани баланд олишимиз керак. Бу таълим жараёнига илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий ОТМлар тажрибаси асосида таълим дастурларини қайта ишлаб чиқиш ва жорий этишни талаб қилади. Сабаби, талабаларимиз эртага замонавий қурилмаларни бошқариши учун ҳам етарли малакага эга бўлиши лозим.

    Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Аввало, етакчи хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда талабаларнинг академик алмашинуви йўлга қўйилади. Айни пайтда талабаларимиз Беларусь миллий техника университети ҳамкорлигида “2+2” таълим дастури асосида таҳсил олмоқда. Шу кунга қадар, бу йилги битирувчиларни ҳам ҳисобга олганда, 100 га яқин йигит-қиз ўқишни тамомлаб, ҳар икки университет дипломига эга бўлмоқда.

    Иккинчидан, талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг саноат корхоналарида малакавий амалиёт ҳамда стажировка ўташини йўлга қўйиш ҳам самара беради. Натижада янги ўқув қўлланмалар, янги авлод дарсликлари яратилади. Илмий-тадқиқот ишлари синови замонавий лабораторияларда ўтказилади. Амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳаларнинг самарадорлиги ошади.

    Шу ўринда бир жиҳатни асло унутмаслик керак. Шарқ маънавияти таълим-тарбиянинг узвийлигига асосланган. Бугунги ёшлар дунёга нафақат билими, тажрибаси, балки юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари билан ҳам ўрнак кўрсатиши керак. Китобхонлик танловлари, турли маънавий-маърифий тадбирлар, тарихий шаҳарларга саёҳатлар ана шу мақсадга хизмат қилади.

    Илғор муҳандис – етук мутахассис

    Университет ва “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган. Унда “тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили йўлга қўйилди. Бу мактаб соҳада кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларнинг муҳим драйверига айланди.

    Илғор муҳандислик мактабининг асосий мақсади ҳамкорлар эҳтиёжи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини ҳисобга олган ҳолда юқори ва кўп тармоқли технологияларни ўзлаштиришга қодир, креатив фикрлайдиган, рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқадиган муҳандис-тадқиқотчи малакасига эга янги авлод кадрларини тайёрлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, мактабнинг ўқув-услубий таъминоти жаҳондаги етакчи 300 университет, жумладан, Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Германиянинг Дрезден техника университети, Россиянинг Томск политехника университети чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар, илғор педагогик технологиялар асосида шакллантирилди.

    Ҳозир 23 нафар 1-босқич магистрантимиз танлов асосида ушбу мактабда олинган. Улар нефть ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология бўйича мутахассислар этиб тайёрланади. Магистрлар дастлабки йилда корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштириб, илмий изланишлар ўтказади. Ўқув дастурига “Таннарх муҳандислиги”, “Қиёслаш муҳандислиги” махсус модуллари киритилди.

    Иккинчи йилда эса янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнлар корхоналарда синовдан ўтказилади. Янги технологиялар ва илмий-техник ечимлар яратилиб, жорий этилади.

    Мактаб фаолиятида хориж тажрибасини қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда институтнинг икки нафар профессор-ўқитувчиси Томск политехника университетининг илғор муҳандислик мактаби фаолиятини яқиндан ўрганиб қайтди.

    Таълимнинг ҳам институтда, ҳам корхонада олиб борилаётгани магистрларнинг амалиёт имкониятини оширмоқда. Қолаверса, улар илмий-тадқиқот ишларини бевосита заводдаги лабораторияларда бажармоқда. Шундай қилиб, 2025-2026 йилларда 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертацияси ёқланади, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилади. Шўртан газ-кимё мажмуаси ва университет олимлари ҳаммуаллифлигида 2 та илмий ихтирога талабнома топширилади. 10 дан ортиқ мавзуда илмий технологик муаммоларнинг муҳандислик ечими ишлаб чиқилмоқда.

    Лабораториялар фабрикаси

    Олий таълим муассасасининг асосий вазифаси талабага мутахассислиги бўйича йўналиш бериш, малакасини ошириш ҳамда илмий фаолият билан шуғулланишдир. Тараққий этган университетлар фақат билим бериш билан чекланмайди. Айниқса, техникага ихтисослашган олийгоҳлар бугун эътиборини рақамлаштириш, сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш, масофавий таълимни жорий этиш кабиларга қаратмоқда.

    Муҳандислик соҳасида ёш олим ва талабаларнинг бизнесга йўналтирилган инновацион ғояларини бозорга тайёр маҳсулот сифатида етказиш катта аҳамиятга эга. Шу боис, ишланма ва лойиҳаларнинг тажриба нусхалари ҳамда прототипларини яратиш ҳамда синовдан ўтказиш учун “Устахона-Fablab”, 3D лойиҳалаш ва моделлаштириш ҳамда кичик ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилмоқда. Натижада ёш олим ва талабалар ишли бўлади. Вилоятдаги илмий-техник лойиҳаларни бошқариш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватловчи корхоналар билан самарали ҳамкорлик ўрнатилиб, илмий-инновацион ишланмалар фаол тижорийлаштирилади.

    Бундан ташқари, университет ҳузурида энергетика соҳаси учун сунъий интеллект ва рақамлаштириш, инжиниринг, ишлаб чиқариш муаммолари ечимига қаратилган илмий-инновацион ишланмаларни яратиш ва тижорийлаштириш йўналишида “Яшил энергетика ва интеллектуал энергетик тизимлар” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ерда энергетикани ривожлантиришга қаратилган интеллектуал энергетик тизимлар, қайта тикланувчи энергия турлари асосидаги энергия тежамкор технологиялар, қурилмалар, саноат иссиқлик энергетикаси, сунъий интеллект ва рақамли энергетика йўналишларида илмий изланишлар олиб борилади. Илмий-тадқиқот ишлари нуфузли хорижий илмий марказлар, Ўзбекистон Фанлар академияси илмий-текшириш институтлари ва соҳа корхоналари билан ҳамкорликда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимини ишлаб чиқаришга қаратилмоқда. Бунда илмий ишланмалар “тармоқ – корхона – олийгоҳ – илмий – тадқиқот институти” занжири асосида тижорийлаштирилади. Бу борада Нишон Қуёш фотоэлектр станцияси, Талимаржон ИЭС, Муборак ИЭМ МЧЖ, Қашқадарё электр тармоқлари корхоналари билан ҳамкорликда фаолият юритилмоқда.

    Ўзгаришлар, аввало, ўзимиздан бошланиши керак. Давр шиддати кутиб турмайди. Бугун ким бир қадам олдинда бўлса, ютуқ уники, муваффақият уники. Бугунги муҳандис креатив фикрлайдиган, илм ва ишлаб чиқариш йўлида ижод қила оладиган, янги маҳсулотлар ишлаб чиқадиган бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам дарсликларимиз, ўқув-услубий қўлланмаларимиз, дарс ўтиш кўникмаларимиз, дунёқарашимиз мутлақо янгича бўлиши шарт. Буларнинг барчасига масъулият, азму шижоат ва аниқ мақсад билан эришамиз.


    Шерзод НЕЪМАТОВ,

    физика-математика фанлари доктори, профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates