“Мени ёшартириб беринг!”

    Фикр 18 май 2021 1838

    • Алло, бу порталми?
    • Ассалому алайкум, ҳурматли фуқаро, Сиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига қўнғироқ қилдингиз. Сиз қандай масалада мурожаат этмоқчисиз?
    • Эрим мен билан ажрашмоқчи!!!
    • Ҳурматли фуқаро, мурожаатингизни батафсил айтиб берсангиз.
    • Ёшим 32 да, иккита фарзандим бор. Турмуш ўртоғим эса 31 ёшда! Агар мен ёшимни 1 ёшга кичрайтирмасам, эрим мен билан ажрашмоқчи! Икки болам етим қолмасин, илтимос ёшимни бир ёшга кичик қилиб ўзгартириб беришсин!
    • Ҳурматли фуқаро, исми шарифингиз, боғланиш учун маълумотларнингизни айтсангиз, мурожаатингизни тегишли ваколатли органга юборамиз....

    Юқоридаги суҳбатда бироз тўқима борлиги рост, унга бироз адабий сайқал берилди холос, аммо мазмун ўша-ўша!

    Ушбу фуқаро жорий йилнинг, апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилганидан сўнг, ушбу мурожаат тегишлилиги бўйича Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармасига юборилди. Масъул ходимлар мурожаатда ёзилган талабни ўқиб, ишониш ёки ишонмасликка ҳайрон бўлиб қолишди.

    Бироқ, бошқарма ходимлари фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига батафсил ва асослантирилган жавоб беришлари лозимлигини эсларида тутиб, мурожаатчининг аризасида кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиб, асл сабабни аниқлашга киришишди.

    Мурожаатчи билан боғланилганда, бу мазмундаги мурожаат қилишига нима туртки бўлгани, қандай асослари борлиги аниқлаштиришга ҳарақат қилинди.

    Фуқаро турмуш ўртоғидан ёши катталигини айтиб, шу сабабли ҳам ёшини ўзгартиришни сўраб мурожаат этганини такрор ва такрор айтарди. Шунингдек, бир фарзанди бу йил мактабга чиқиши кераклиги, лекин шу “ёши” билан боғлиқ масаласи ўзгармаганлиги сабабли чиқара олмай қолишидан ҳавотирда эканлигини билдирди.

    Қонунчилик нормаларига кўра, хусусан “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 387 – сонли Қарорига асосан, далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

    • «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддаси асосида тарихий ва миллий анъаналарга риоя қилиш мақсадида фамилияси, исми, отасининг исмини ёздириш истаги бўлганда;
    • оталик белгиланганда;
    • фарзандликка олинганда;
    • ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси ўзгартирилганда;
    • миллати ўзгартирилганда;
    • никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунга қадар);
    • суд қарори билан оталикни белгилаш ҳақиқий эмас деб топилганда, ота ҳақидаги маълумотлар бекор қилинганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда;
    • ота-онасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгартирилганда;
    • далолатнома ёзувларида имловий хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ҳақидаги ёзув мавжуд бўлмаганда;
    • 16 ёшга тўлмаган боланинг исми ва фамилияси ўзгартирилганда, агар исми ва фамилияси ота-онасининг хоҳиши ҳисобга олинмаган ҳолда берилган бўлса;
    • агар далолатнома ёзувида исми қисқартириб ёки эркалатиш шаклида ёзилган бўлса;
    • жинси ўзгартирилганда.

    Кўриб турганингиздек, турмуш ўртоғи истаги учун ёки яна бошқа маиший сабаблар далолатнома ёзувига ўзгартириш киритиш учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақида бирор бир бандда келтирилмаган.

    Бундан ташқари мурожаатчининг туғилганлик ҳолати билан боғлиқ архив маълумотлари текширилганда, фуқаронинг туғилганлик ҳолати ўз вақтида, тегишли тартибда қайд этилганлиги ва ҳеч қандай хатолик ёки муддат бузилиши мавжуд эмаслиги аниқланди.

    Ушбу ўрганишлар ҳамда қонунчиликда белгиланган нормаларга асосан, далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш учун етарли асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли, далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритишни рад этиш тўғрисида хулоса (52а-илова) тузилиб, мурожаатчига юборилди.

    Маълумот учун, Қашқадарё вилоят туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида 383 та далолатнома ёзувларига ўзгартириш киритиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, шундан 372 таси фуқароларнинг аризасига кўра, 8 таси ФҲДЁ хулосаси ва 3 таси суднинг ҳал қилув қарори асосида расмийлаштирилган.

    Фуқарони бундай мазмундаги мурожаат этишига сабаб, ҳуқуқий билими пастлиги ёки чуқур эмаслиги деб айтишимиз мумкин. Лекин, бу мурожаат мантиқан ўйлаб қўрилганда ҳам ҳеч бир асосга тўғри келмайди, шундай эмасми?

    Тинчгина яшаб, фарзандларни бирга вояга етказиб келган турмуш ўртоқлар учун нега бирдан жуфтининг ёши муҳим бўлиб қолди экан? Кимдир хотининг сендан катта экан деб кулса, ўз умр йўлдошига “ёшини кичрайтирсанг кичрайтир бўлмаса ажрашаман” дейиш қайси бир мантиққа тўғри келади?

    Балки бундай талаб қилишнинг асл сабаби ва муддаоси бошқадир. Мурожаатчи бу ҳақида ҳеч бир нарса демади, бироқ рад этиш хулосасидан норози эканлигини билдирди.

    Мурожаатчи берилган жавобдан норози бўлса, Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 33 – моддасига кўра, юқори турувчи органга ёки судга мурожаат этиш ҳуқуқи борлигини тушунтирилди.

    Насиба Умарова,

    Давлат хизматлари Агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси

    бош маслаҳатчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates