Тадбирда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Кўчиб юрувчи турлар тўғрисидаги конвенсия (CMS) ижрочи котиби Эми Френкел, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен, Сувли-ботқоқли ерлар бўйича Рамсар конвенсиясининг Бош котиби доктор Мусонда Мумба, Марказий Осиё давлатларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сектори раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
«Кейинги беш кун ичида биз миграция турлари билан боғлиқ қатор масалаларни, жумладан, иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларини муҳокама қиламиз. Мақсадимиз – экотизимлар ва соғлом сайёрани сақлашда муҳим рол ўйнайдиган кўчиб юрувчи турларни сақлаш бўйича ечим топиш ва самарали режалар ишлаб чиқиш», — деди А.Абдуҳакимов.
«Марказий Осиёда кўчиб юрувчи турларни сақлаш бўйича трансчегаравий ва минтақавий ҳамкорлик» сессияси доирасида Марказий Осиё давлатлари вазирлари ўртасида кўчиб юрувчи турларни сақлаш бўйича трансчегаравий ва минтақавий ҳамкорлик бўйича, халқаро ташкилотлар раҳбарларининг Марказий Осиёдаги кўп томонлама муносабатлар ва ҳамкорлик масалалари бўйича мулоқотлар бўлиб ўтди. Шунингдек, давлат сектори раҳбарлари кўчиб юрувчи турларни сақлаш соҳасида халқаро ва трансчегаравий ҳамкорлик бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Учрашув давомида Марказий Осиё давлатлари вазирлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ўртасида миграция турлари ва трансчегаравий йўлакларни ҳимоя қилиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларга қаратилган қатор келишувлар имзоланди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.