Самарқанд шаҳрида дунё тарихида илк бор ташкил этилган Осиё хотин-қизлари форуми давом этяпти

    Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бой салоҳиятидан фойдаланиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида уларнинг имкониятларини рўёбга чиқаришда тажриба алмашиш бўйича Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш ҳақидаги таклифни билдирган эди.

    Шунга асосан 2024 йил 13 майда «Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форуми Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлади.

    Форумда 30 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар – Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукуматлари раҳбарлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда хорижий ташкилотларнинг 40 нафардан ортиқ вакиллари, шунингдек, маҳаллий давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аёл раҳбарлар, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳаларнинг жами 400 га яқин вакиллари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирок этяпти.

    Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларга йўллаган табригини Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўқиб эшиттирди.

    Шундан сўнг Сенат Раиси — Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, жаҳон миқёсида сиёсий-иқтисодий беқарорлик ҳолати давом этаётган, турли низолар, янги хатарлар хавфи юқори бўлаётган бир шароитда хотин-қизларнинг давлат бошқаруви, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий-академик ва маданий-гуманитар соҳалардаги фаол иштирокини таъминлаш ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.

    Шунингдек, Сенат Раиси Осиё минтақасида аёлларнинг ўзаро тажриба алмашиш бўйича ижобий амалиётга эгалигини, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид минтақадаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда самарали платформа сифатида хизмат қилаётганини, унинг тажрибаси асосида бутун Осиё аёлларини бирлаштириш зарур эканлигини айтиб ўтди.

    Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлиги масалалари сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

    Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб боряпти.

    Қисқа давр ичида соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди, сўнгги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги бунга ёрқин мисолдир.

    «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги муҳим қонунлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди.

    Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва уни тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган гендер стратегияси қабул қилинди. Уни барча соҳа ва тармоқларга жорий этиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.

    Қонунчиликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни гендер экспертизадан ўтказиш, гендерга асосланган миллий бюджетни қабул қилиш, гендер аудит каби тушунчалар киритилиб, амалиётга жорий этиляпти.

    Шунингдек, форумда Ўзбекистон парламенти юқори ва қуйи палаталарида, маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибида, ижро органларида ҳам аёллар ўрни ортиб бораётгани қайд этилиб, бугун аёл вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва ҳоким ўринбосари, йирик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари лавозимидаги хотин-қизлар синфи пайдо бўлгани ҳамда йил сайин уларнинг сони ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

    Шу билан бирга, форумда БМТ Бош котиби ўринбосари ва «БМТ-Аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татьяна Валовая, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг ҳамда бир қатор давлатларнинг парламентлари раҳбарлари сўзга чиқиб, форумнинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти ҳамда ундан кутилаётган натижаларга тўхталиб ўтди.

    Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар ўзаро тажрибалар билан ўртоқлашиш, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг бу борадаги замонавий ёндашувларини ўрганиш мақсадида параллель сессияларга бўлинган ҳолда иш бошлади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates