Давлат тадбиркорнинг чин маънодаги дўсти, яқин кўмакчисига айланди

    “Янги Ўзбекистон” газетасида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари — Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори Мирзоҳид УБАЙДУЛЛАЕВнинг шу мавзудаги мақоласи эълон қилинди.

    Унда маҳалларда тадбиркорликка қизиққан аҳолига кўмаклашиш, одамларни ишбиланмонликка жалб қилиш борасида ишлар ҳақида сўз боради.

    Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланганидан то бугунга қадар соҳада қизғин ўзгаришлар давом этмоқда. Сўнгги олти йилда юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ишбилармонларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қарорлар шунчаки қоғозда эмас, амалда ишлай бошлади. Давлат тадбиркорнинг чин маънодаги дўстига, яқин кўмакчисига айланди.

    Жорий йил 22 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бунинг яна бир исботидир. Яхши анъанага айланган ушбу ушрашувга тайёргарлик жараёнларининг ўзиёқ қизғин кечганига гувоҳ бўлдик. Юртимиздаги ҳар бир тадбиркорнинг ўз муаммоси, таклифларини айтиши учун катта платформа яратилди. Очиқ мулоқотда эса ана шу таклифлар асосида муҳим қарорлар қабул қилиндики, булар нафақат маҳаллий тадбиркорлик субъектлари, балки хорижлик инвесторлар, ишбилармонлар учун ҳам янги имтиёз ва имкониятлар беради.

    Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “Жамиятда тадбиркорларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин юксалиб, ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, ўз нуфузи ва брендига эга бўлган ишбилармонлар тобора кўпайиб бормоқда. Давлат идораларида ҳам уларга муносабат тубдан яхшиланди. Тадбиркорларга нисбатан мана шундай ёндашув бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолади”, деган сўзлари соҳа вакилларига янада куч-ғайрат бағишлади.

    Тан олиш керак, ҳозир тадбиркорлик қилиш учун имкониятлар анча кенг. Бундан 6-7 йил олдин соҳага кириб келган кишини бир неча қадам ташламасидан эзиб юборадиган солиқ юкламаларию, ортиқча текшир-текширлардан бугун асар ҳам қолмаган. Нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга ҳам барҳам берилди. Асосийси, тадбиркорлик қилиш истагидаги инсонларга маҳалланинг ўзидаёқ зарур кўмаклар берилиб, фойдага кириб олгунига қадар қўллаб-қувватланяпти. Қолаверса, барча давлат ташкилотларига тадбиркорнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслик, ҳар соҳада уларга ёрдам бериш вазифаси топширилган.

    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ҳам бевосита ишбилармон доира вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ташкилот нафақат тадбиркорлар билан дўст бўлиб ишлаб, улар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашади, балки соҳани янада ривожлантириш, ишсиз аҳоли, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ҳамда кичик бизнесга жалб қилиш, бунинг натижасида аҳолининг даромадини ошириш, ишсизликни камайтириш, одамлар бандлигини таъминлаш каби вазифаларни ҳам қамраб олади.

    Бунинг учун ишсиз, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга имтиёзли микрокредит, субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилган. Эҳтиёжманд оилалар ўрганишлар асосида ёки ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари билан аниқланади. Тегишли қарор асосида Агентлик томонидан тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган кишиларга зарур бўладиган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ҳариди учун 7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача субсидиялар ажратилмоқда. Фуқаро тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг, дастлабки уч ой мобайнида олинган бино ва иншоотнинг ижара тўловини тўлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорида субсидияга эга бўлади. Бордию, ишсиз инсонлар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун керак бўладиган маблағга эга бўлмаса, сарфланадиган харажатларни тўлаш учун субсидия ажратиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган. Яъни, тадбиркор бўламан, деган кам таъминланган инсонларга даромадга киргунига қадар зарур кўмакларни бериш механизми яратилган, фақат ундан тўғри фойдаланиш қолган.

    Бугунга қадар Агентлик томонидан ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 211 мингта лойиҳага 5,1 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб-ускуналар олиб бериш бўйича эса 26 мингта фуқарога 67 миллиард сўмлик субсидиялар берилди. Натижада 56 мингта юридик ҳамда 54 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Охирги йилларда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш ёки иш бошлашдан аввал курсларда ўқиб, сўнг ўз бизнесини очиш истагидаги инсонлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бироқ, ўқув курсларида ўқишга ҳамманинг ҳам имконияти йўқ. Шу боис, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар” рўйхатида турган фуқаролар ҳамда кам таъминланган ва ишсиз аҳоли қатламига нодавлат нотижорат ташкилотларда бепул ўқиш имконияти яратиб берилган. Курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификатни олган юртдошларимизга микрокредитлар ажратилаётгани ҳисобига кўплаб инсонлар бугун ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб олди.

    Биргина охирги 7 ойни таҳлил қиладиган бўлсак, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги кўмагида 1,6 миллион нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди. Хусусан, улардан 42 минг нафари тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган бўлса, 818 минг нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олиниб, 54 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка жалб қилинди.

    Миробод тумани “Қорасув” маҳалласида яшовчи Эътиборхон Сайфутдинова кичик бизнес бошлаш мақсадида ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилди. Агентлик билан ҳамкорликда аёлга 50 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Тадбиркор ушбу маблағ ҳисобига маҳаллада “Serbaraka-non” МЧЖ ташкил этиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳалол меҳнати ортидан оиласига даромад кирмоқда. Қўшимча равишда 7 та ишчи ўрни ҳам яратган. “Маҳалламизда бўш ётган бинони олиб, ҳоким ёрдамчиси Илхомжоннинг кўмагида ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Келгусида нон маҳсулотларидан ташқари, ширинликлар ишлаб чиқариш мақсадим ҳам бор. Фаолиятимни янада кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратишни режалаштирганман. Одамларга фойдам тегаётгани, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшаётганимни ҳис қилишдан хурсанд бўламан”, дейди тадбиркорнинг ўзи.

    Чиндан ҳам мамлакатда тадбиркор қанча кўп бўлса, юрт шунча тараққий этиб бораверади. Ахир, ишбилармон кишилар нафақат ўз оиласига даромад киритади, балки ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ортишига ҳисса қўшади.

    Юнусобод тумани “Қашқар” маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Шахноза Норматова ҳам ана шундай мақсадлар билан тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ҳозир қўлида 15 нафар хотин-қиз ишлаяпти. Чеварлар тикаётган кийим-кечаклар асосан ички бозорга чиқарилади. Келгусида тадбиркор маҳсулот турларини кенгайтириб, хорижга экспорт қилиш ниятида.

    Бир қарашда кичик кўринадиган бу лойиҳалар, бир нечта оилани доимий даромад билан таъминламоқда. Жумладан, жорий йил ҳоким ёрдамчилари томонидан умумий 34 234 та тадбиркорлик лойиҳаларига амалий ёрдам кўрсатилиши натижада 177 660 та янги иш ўринларини яратиш белгилаб олинган.

    Қолаверса, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан мунтазам равишда вилоятдаги тадбиркорлар муаммолари ўрганиб келиняпти. Ушбу соҳада ўқиш истаги бўлган, кредит ёки субсидия олиш, ўз фаолиятини бошламоқчи бўлган аҳоли қатламлари билан ҳар хафта турли учрашув ҳамда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Бундан мақсад шунчаки одамларни ишонтириш эмас. Аксинча, тадбиркорлар муаммоларини жойида ҳал этиб, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини ошириш асосий вазифамиздир.

    Зеро, тадбиркор барча шароитларга эга, эркин муҳитда ишласагина, жамиятда фаровон ҳаётга интилиш, барча соҳаларда ривожланиш ортиб бораверади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates