Муҳаммад Юнус Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбарига айланди

    Париждан қайтган иқтисодчи Муҳаммад Юнус Бангладеш муваққат ҳукумати раҳбари сифатида қасамёд қилди.

    2006 йилда у камбағалларга микрокредит бериш бўйича Тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлган.

    Париждан мамлакатга қайтган иқтисодчи, тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус оммавий норозилик намойишларидан сўнг Бангладешда муваққат ҳукумат раҳбари бўлди. 8 август, пайшанба куни кечқурун президент саройида 84 ёшли Юнуснинг қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда у “мамлакат Конституциясини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга ҳамда ўзининг янги вазифаларини чин дилдан бажаришга” ваъда берди ҳамда фуқароларни бутун мамлакат бўйлаб зўравонликни тўхтатишга чақирди.

    Кейинчалик журналистлар билан суҳбатда Муҳаммад Юнус мамлакат “янги ғалаба кунига” ва “янги мустақилликка эришганини” айтди.

    Муҳаммад Юнусни тайинлаш тўғрисидаги қарор Бангладеш Президенти Шаҳабуддин Чуппу ва унинг номзодини илгари сурган “Талабалар камситилишларга қарши” норозилик ҳаракати етакчилари ўртасидаги учрашувда қабул қилинди. Муваққат ҳукуматнинг якуний таркиби мамлакат сиёсий партиялари билан маслаҳатлашувлардан сўнг аниқланади, дея аввалроқ давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берган эди.

    6 август куни Шаҳабуддин Чуппу муваққат ҳукумат тузиш учун парламентни тарқатиб юборилганини эълон қилди. Ундан бир кун аввал эса Бангладешда 2009 йилдан бери Бош вазир лавозимида ишлаб келган 76 ёшли Шайх Ҳасина норозилик намойишлари туфайли мамлакатни тарк этган эди, деб хабар беради dw.com.


    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates