Истиқлолимизнинг шонли байрамига бағишланган тантанада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўзлаган нутқини тинглар эканмиз, уни барчамиз том маънода буюк келажакни биргаликдан, бирдамликда барпо этишга ундовчи ўтли даъват сифатида қабул қилдик, десак хато бўлмайди. Айтиш керакки, юртбошимиз нутқи бутун халқимизни яна бир бор Янги Ренессанс сари руҳлантира олди, халқимиз, айниқса, ёшларимизни маррани баланд олишга, турли соҳаларда ютуқ ва зафарларга эришишга ундади.
Муҳтарам Юртбошимиз халқимизга юзланар экан, ҳар бир ишимиз, ҳар бир ютуғимизда Истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлаётгани, Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилаётгани, минтақамиз ва бутун жаҳонда ҳамкорларимиз, дўстларимиз кўпаяётганини фахр билан тилга олди.
Давлатимиз раҳбарининг "Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда, ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам фақат ва фақат таълимда ва тарбиядадир. Ёруғ ва нурафшон келажагимизни, Янги Ўзбекистонни, албатта, барпо этамиз", — деган сўзлари, айниқса, биз таълим соҳаси вакиллари учун муҳим дастуруламал бўлди. Чиндан ҳам, бу асрлар давомида англаб етилган ҳақиқатки, илм-маърифат, таълим-тарбиясиз буюк истиқболни яратиб бўлмайди. Буни чуқур англаган ҳолда мамлакатимизда олиб борилаётган таълим тизимидаги ислоҳотларга қанча хайрихоҳ бўлсак, қанчалик фаол бўлсак, шунча арзийди. Зотан, ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун барча соҳалар, хусусан, олий таълим тизимидаги ютуқ ва муваффақиятлар халқаро стандартларга тенглашиб, ривожланган мамлакатлар таълим тизими билан бемалол беллашмоқда. Талаба-ёшларнинг билимсеварлиги, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланувчанлиги, айниқса, профессор-ўқитувчиларнинг фидойилиги илм-фанни юқори натижалар сари етакламоқда.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз нутқидаги ҳар бир сўз, ҳар бир фикр бизни қайта «уйғотди», бурчимизни уқтирди, ўзлигимизни англатиб, ёшларимиз, халқимиз буюк ва хайрли ишларга қодир эканлигини яна бир бор эслатди. Шу юртнинг фуқароси, ёш ва баркамол авлодни тарбиялашга ҳисса қўшишни мақсад қилган педагог сифатида айтиш керакки, фидокорона меҳнати билан янги ҳаёт биносини барпо этаётган буюк халқимизга, Президентимизга елкадош ва кўмакдош бўлишга барчамиз бурчлимиз.
Одилжон Рахматов,
ФарДУнинг Физика-математика факультети
декани ўринбосари
Ҳамкорлик материали