Мустақиллик — янги орзу ва мақсадлар белгиси

    Фикр 5 сентябр 2024 342

    Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигини қўлга киритган буюк тарихий кун – халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаган, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланадиган қутлуғ айёмдир.

    Ҳар бир давлатнинг мустақилликка эришган куни, шу мамлакат халқининг жаҳон ҳамжамиятида тенглар ичра тенг, ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиш бахтига муяссар бўлган энг азиз санасидир. Гўзал ва бетакрор она диёримиз – Ўзбекистон бундан ўттиз уч йил олдин ўз тақдирини ўзи мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Мустақил тараққиёт йўлига чиқди. Ўттиз уч йил аслида улкан бир тарих учун лаҳзага тенг фурсат. Бироқ ана шу йиллар халқимиз учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга бўлганини бугун ҳар биримиз юракдан теран ҳис қиламиз. Шу давр мобайнида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаётининг маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси ва онгу дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни янада мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаб, мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузини янада юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирди.

    Мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти йилдан йилга ортиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Ўтган давр эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни фақат ва фақат мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини кўрсатди. Шу маънода мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Чунки истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни тўла намоён этиш, ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлдик.

    Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган бош ғоя остида ташкил этилди. Бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарихимиз саҳифаларига битилган. Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар амалга оширилди. Халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсатлар ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

    Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Мамлакатимиз истиқлолини, у билан боғлиқ тарихий сана ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур англаш ва қадрлаш, ҳар томонлама муносиб нишонлаш ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Чунки истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни тўла намоён этиш, ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлдик.

    Инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир! Мамлакатимизнинг давлат мустақиллигига эришиши, ҳуқуқий демократик давлат қурилиши, янги жамиятга ўтиш даврида сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир тадбирлар, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, маънавий-руҳий покланиш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши муҳим тарихий воқеалардир.

    Юртимизда инсон қадри азиз. Ҳар бир фуқаро хоҳиш-иродасини амалга ошириши, салоҳиятини рўёбга чиқариши, келажагини ўзи танлаш ва қуриш имкониятига эга. Бугун тараққиётнинг янги босқичида Ўзбекистон фаровонлик ва адолат йўлида салмоқли ютуқларга эришди. Ҳақиқатдан ҳам инсон чин маънода қадр топган, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, адолат ва қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликка эришиш, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳар биримизнинг асосий мақсадимиздир.

    Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрам тадбирида барчани энг улуғ, энг қутлуғ айём – Мустақиллик байрами билан табриклаб, нутқ сўзлади, жумладан: – мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди давлатимиз раҳбари. Шу билан қаторда Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида Президент Шавкат Мирзиёев 522 маҳкумни авф этиш ҳақидаги фармонни имзолаганлиги Мустақиллигимизга бўлган ҳурмат ва эхтиром деб қараш мумкин. Ҳужжатга кўра, авф ўз қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий қарор қилган шахсларга берилди. Авф этилганлар орасида 159 киши асосий жазодан тўлиқ озод қилинди, 303 киши шартли равишда муддатидан олдин озод этилди, 60 маҳкумнинг жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Авф этилганлар орасида 56 аёл, 60 ёшдан ошган 25 эркак, 233 ёш киши, шу жумладан, бир нафар вояга етмаган шахс бор. Шунингдек, авфга 19 хорижий фуқаро ва тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 27 киши ҳам киритилди.

    Ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида ватандошларимиз улкан зафарлар қозонди. Шу кунларда Паралимпия ўйинларидан ҳам кетма-кет қувончли хабарлар келмоқда. Ватандошларимиз қаторида бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларида фарғоналик икки ўғлонлар – Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Лазизбек Мулложоновнинг бокс бўйича чемпион бўлиб, олтин медални қўлга киритгани тарихий воқеа бўлганни, Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганини мамнуният билан эътироф этилди. Шу билан бирга ҳозирги вақтда бўлиб ўтаётган Паралимпия ўйинида Фарғона вилояти Қўштепа туманлик Ёрқинжон Одилов пара енгил атлетика бўйича F57 классининг найза улоқтириш баҳсида олтин медалга сазовор бўлди. Бундай халқаро жаҳон мусобақаларига қатнашиб юртимиз шаънини бутун дунёга намойиш қилиниши давлатимиз раҳбарини ёшларга яратиб бераётган, ҳамда Мустақиллигимизни шарофатларнинг намунаси деб қараш мумкин.

    Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишда фидокорона қатнашиб, Мустақилликнинг буюк неъматларини шукрона қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши керак.


    Абдулатиф Абдумаликов,

    ФарДУ Сиртқи таълим бўлими бошлиғи,

    профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates