Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида жорий йил 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтди. Нуфузли анжуман чоғида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов журналист саволларига жавоб бераётиб, “Аввал кичик саноат зоналари устида ишлаган бўлсак, ҳозир ўзимизга туризмни драйвер қилиб олганмиз”, деган фикрни алоҳида таъкидлади.
Наманган ички ва ташқи туризм салоҳияти баланд ҳисобланган вилоятлардан бири. Иккинчи маротаба ташкил этилган ва энди ҳар йили куз фаслида анъанавий тарзда уюштириладиган Халқаро асал фестивали бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги машҳур “Афсоналар водийси” тематик боғида 27-29 октябрь кунлари Фарғона водийси ва воҳа вилоятлари, Тошкент вилояти ҳамда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия давлатларидан 200 га яқин асал усталари, асаларичилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар жамланди. Асаларичиликка оид ҳунармандчилик буюмлари тайёрлаш, прополис, гул чанги, нектар, перга тушунчалари хусусида қизиқарли ва аҳамиятли маълумотлар, мавзулар билан ўртоқлашишди. Ташриф буюрган 15 минг киши асалнинг бир неча хилидан татиб кўришди.
- Наманган асалари экспорти бўйича мамлакатимизда етакчи ўринда туради. Йилига республика ҳудудидан экспорт қилинадиган асалари пакетларининг 70 фоизи вилоятимиз улушига тўғри келади, - дейди фестиваль очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов. – Жорий йилда юртимизда 311 минг дона асалари пакети экспортининг 190 мингтасига Наманган асаларичилари муносиб ҳисса қўшди. Вилоятимизда 251 минг 275 та асалари оиласи парваришланмоқда. Улар сони кейинги тўрт йилда икки баробарга кўпайиб, 210 мингтага, асал етиштириш ҳажми йилига 10-12 фоизга ошди ва 1,5 минг тоннадан 4,5 минг тоннага етди. Жорий йил якунига қадар 5 минг 617 тонна асал етиштириш кутилмоқда. Асалари пакетлари экспорти ҳам уч карра ўсди.
Давлатобод туманида асаларичиликка ихтисослашган “Гулобод” маҳалласи ҳудудида “Асаларичилик саноат зонаси” маркази фаолият кўрсатмоқда. “Гулобод” маҳалласининг “Файзобод” кўчаси истиқомат қиладиган 30 та хонадоннинг бари шу юмуш билан банд. Мақсад эса агротуризмни ривожлантириш, соҳада ўзаро ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлаш. Муҳими, дунёда асаларичилик ривожланган Россия, Қозоғистон ва Украина сингари “Топ 10”таликдан жой олишдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП раиси Ахтам Ҳаитов эндиликда ҳар қайси фермер ва томорқа хўжаликларида асаларичилик йўналиши барқарор фаолият олиб боришини, беминнат асаларининг чанглатишдаги хизмати туфайли ҳам қишлоқ хўжалигида деҳқончилик, боғдорчилик ҳосили сезиларли ўсишини қайд этди. Келгусида асаларичилик соҳасида халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, Европа, Осиё, Африканинг олим ва мутахассисларини жалб қилиш, асаларичиликка инновацион технологияларни жорий этган ҳолда саноатлаштириш даркорлигини урғулади.
Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси Исохон Собировнинг билдиришича, охирги йилларда вилоятда истеъмол бозорини экологик тоза озиқ-овқат маҳсулоти билан тўлдиришда ўз ўрнига эга бўлган тармоқ жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда уюшмага 260 нафар асаларичи аъзо. Ўзбекистон асаларичилари фойдаланадиган жиҳоз турларининг 60 фоизи ҳам Наманганда ишлаб чиқарилмоқда.
Асалнинг 40 хил хусусияти маълум. У шоҳона ва энг кўҳна таом, микронутриентларга бой ва тез ҳазм бўлувчи озуқа, сеҳрли малҳам, беқиёс энергия ва қувват манбаи, табиий консервант, антимикроб дори, узоқ сақланувчи, айнимас ва чиқиндисиз маҳсулот, химикатлар зарарини кесувчи модда, қорин оғриғи ва ички касалликларга даво, юзни гўзаллаштирувчи ва танани ёшартирувчи табиат мўъжизаси. Бу неъматнинг мазаси асалари қайси ўсимликдан шира олганлигига қараб аниқланади ва асал ўша ўсимлик номи билан аталади.
- Наманган шаҳридаги Президент мактабида бизнес ва иқтисод фанидан дарс бераман. Наманганга шу йили келдим, - дейди биз билан суҳбатда кениялик ўқитувчи Девид Мутига. - Халқаро асал фестивалида қатнашдим, таассуротларим зўр. Халқингиз меҳмондўст ва очиқчеҳра, мулоқотга киришувчан экан. Табиий асаллар мазасига гап йўқ, кўриниши ва тури ранг-баранг. Опамнинг кичик асалхонаси бор. Бизда бунақа махсус кўргазма ва байрам ўтказилмайди. Сизлардаги “асал” сўзи бизда “асали” дейилади, битта ҳарфга фарқланаркан. Шаҳрингиз менга ёқди. Ўзим фаолият юритаётган Президент мактабида ўқувчилар шароитига ҳавас қилса арзийди. Ўзбекистонда сифатли таълимга катта имконият яратилибди.
Буюк табиб Ибн Сино минг йил илгари асалнинг шифобахшлигини ўрганиб, қимматли тавсияларини ёзиб қолдирган. Хусусан, асалнинг тинчлантирувчи хосиятга эгалигини, ички безовталиклар ва шамоллашларга фойдасини, болалар табобати, тарбияси ва санитария-гигиенасида тутган ўрнига доир маслаҳатларини битиб кетган. Шайх ур-раис узоқ умр кечириш учун доимо егуликлар таркибида асал бўлиши кераклигига бафуржа тўхталган.
“Жануб Анвар асали” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Менглиевга қарашли раста атрофи доимо гавжум турди. Сабаби ширинмия ва печакгулидан тайёрланган асал лаззатининг бетакрорлиги, ноёблиги йиғилганларга маъқул тушди. Улар Сурхондарёнинг Шерободдаги Кўҳитанг, Бойсун тоғлари, Термиз қир-адирларига 1 минг 800 та асалари оиласи яшикларини ўрнатиб, бир йилда гиёҳлардан 15 тонна асал тўплашади. Фестивалга келтирган ўн хил асали хариди ортидан мўмайгина пул жамғарди. Маҳсулотини Дубай, Саудия Арабистонига юборяпти ва унга Германия ҳам қизиқяпти экан. Ундан “Тоза асални қандай аниқлаш мумкин?” деб сўраганимизда “Ҳақиқий асал асалчиларда бўлади-да, исталганча асло кўчадан олманг”, дея ўйлаб ўтирмай, қисқа-лўнда жавоб қайтарди.
Илмий тадқиқотлар таҳлилига кўра, асал таркибида 75 фоиз мева ширинлиги учрайди. Қолган қисми сув, оқсил, кислоталар, ферментлар ва хушбўй моддалардан иборат. Соф асал шифобахшдир ва анча йиллар сифатини ўзгартирмайди. Ишонасизми, бир килограмм асал 3 минг 150 калория қувватга эга. Бу 30 дона тухум ёки 2,5 килограмм семиз гўштнинг қуввати дегани. 200 грамм асал эса 180 грамм пишлоқ, 8 дона апельсин ва 350 грамм майдаланган гўшт қувватига тенгдир. Асал таркибида витаминлар ва микроэлементлар бисёр. Унинг воситасида ўпка, буйрак, жигар, юрак ва қон-томирлар, ошқозон-ичак, марказий асаб системасини, кўз, тери ва турли сурункали хасталикларни даволаш самарали.
Давлотобод туманидаги туманидаги “Соф бол” номли масъулияти чекланган жамияти павильони эътиборимизни тортди. Асалариларни эрта баҳорда уйғотиш учун уяларни ҳарорат илгарироқ исийдиган Сурхондарё вилоятига, кейин эса Зомин тоғларига, сўнг Россиянинг Оренбург вилоятидаги жўнатиб, қутиларда ўрмонларга жойлаштиришаркан.
- Асаларичилик билан шуғулланишни 1973 йилда бошлаганман ва шу соҳада 40 йил ишлаб, 2013 йилда пенсияга чиққанман, - дейди “Соф бол” МЧЖ таъсисчиси, фахрий асалчи Қосимбой Хўжаев. - Наманган туманидаги колхозда асалариларга (у пайтда ҳамма колхозда боқиларди) қараганман. 1988 йилдан то нафақа ёшигача вилоят сут заводи қошидаги “Шифо” асаларичилик ширкатида, кейин собиқ Косонсой асаларичилик совхозида фаолият юритганман. 2021 йилда ажраб чиқиб, “Соф бол”ни очганмиз. Бугун бизда ўн нафар ходим ишлайди, мен бошчилигимдаги сулолага айландик. Қўшимчасига асаларичиликка зарур асбоб-анжомларни ясаймиз ва бошқаларни ҳам таъминлаймиз. Ҳа, шунақа ускуналарни сотишга мўлжалланган дўконга Наманганда эҳтиёж мавжуд.
Нуроний отахоннинг куюниб айтишича, ўлкамиздаги “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида асал берадиган манзарали кўчатларни ва ўсимликларни, гулларни экиш зарур. Мисол учун, “липа” дарахтига ўхшаганидан. Бизда эса ҳаммаёқ арча, асал йиғишга база умуман етарлимас. Қолаверса, олий маълумотли кадрларни, илмли асалчиларни кўпайтириш лозим. Замонавий усулларни қўллаш, яъни кам ҳаракат ва кам харажат билан юқори натижага эришиш мавриди аллақачон келган.
Асаларилар оила бўлиб яшайдиган энг фойдали ҳашаротдир, улар ўсимликларни чанглатишда асосий рол ўйнайди. Инсоният асалари етиштирадиган асал, асалари елими, асалари она сути, заҳри ва муми жуда асқотади. Бугунги кунда бизда 95-97 фоиз асалари оилалари ётоқ уяларда боқилмоқда. Уларни замонавий кўп қаватли уяларда, янги технологиялар асосида парваришлашга ўтилса, ҳар бир оиладан олинадиган асални икки-уч баробарга кўтариш имконияти нақд. Ахир диёримиз географик жойлашув нуқтаи назаридан асаларичилик соҳасини ривожлантириш учун қулай иқлим ва шарт-шароитларга эга.
- Халқаро асал фестивали Наманганни дунёга янада танитиши баробарида вилоят туризмининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланиши, шубҳасиз, - дейди Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов. - Вилоятимизда асаларичиликни кескин ривожлантириш ва асал маҳсулотларини экспорт қилиш ниятида наманганлик ҳамда қирғизистонлик асаларичилар ўртасида “B2B” форматдаги учрашув бўлди.
Музокаралар натижасида асаларичилик соҳасида фаолият олиб бораётган маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар, Марказий Осиёдаги асаларичилар ўртасида 30 дан зиёд шартнома имзоланди. 2023-2025 йилларни қамраган экспорт портфели салкам 10 миллион долларни ташкил этди. Расмий истиқболли, манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқишда навбатдаги улкан қадам бўлди. Асал етиштиришнинг муаммо ва ечимлари, қайта ишлаш, кластер тузиш ва экспортига имтиёзлар юзасидан таклифлару лойиҳалар тақдимотига бағишланган семинар ўзига хос мулоқот майдони вазифасини бажарди.
- Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан мустақил тадбиркор Адҳам Мавлоновман, - дейди қўли қўлига тегмай савдо қилаётган меҳмон. – Наманганга биринчи келишим, чиройли шаҳар экан. Божхона чегара постидан ўтишда тўсиқ йўқ, эркинмиз. 150 килогача асал маҳсулотини олиб ўтишимизга рухсат тегди. Ўттиз йилдан буён шу касб билан машғулман. Марҳамат, Олой тоғи асалларидан бемалол татиб кўринг ва мазасига баҳо қўйинг. Нархи ҳам ҳамёнбоп, ўзбек сўмида 70 мингдан – 120 минггача.
Уч кунлик фестиваль мобайнида халқимиз сахий ва меҳр-мурувватли эканлигининг исботи ўлароқ, “Асал улашамиз!” акцияси орқали имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга 1 тонна асал белгиланган миқдорда бепул тарқатилди. Бежирим идишларга қадоқланган турфа хил асаллар харидини ҳамёнбоп нархда амалга оширишди. Қизғин жараёнларни мамнун кайфиятда кузатдик.
- Сизлардаги маҳалла каби “Куршаб” овулида “Бал ордосу” (“Асаллар дунёси”) деб аталувчи хусусий фирмам бор, - дейди Қирғизистоннинг Ўш вилояти вакили, асалчи Иличбек Орозбаев. – Ўзган таъми тилни ёрадиган асаллари билан довруқ қозонган. Олти йилдирки, Наманган шаҳридаги ёш тадбиркор Улуғбек Шамсиддиновга тегишли “Асаллар олами” билан қалин ҳамкормиз. Бир-биримизга дармонга тўйинган, экологик жиҳатдан тоза бол буюртма қиламиз. Бугунги фестивалда ҳам қўшма раста очганмиз, асалларимиз сотуви кўнгилдагидек. Сизларни чин дилдан Ўзганга таклиф этамиз. Аҳли оилангиз, касбдошлар билан ўтинглар, азиз меҳмонимиз бўласиз.
Асал сайлининг маданий-кўнгилочар дастур-мундарижалари тўпламидан миллий либосларга бурканган кўргазмалар, оммавий ўйинлар, аския кечаси, ошпазлар танлови, таниқли хонанда ва эстрада ижрочиларининг чиқишлари ўрин олди. Маҳоратли экспертлар хулосаси билан еттита номинация бўйича моҳир болчилар исми тантанали равишда эълон қилинди. Ғолиблар ва совриндорлар Наманган вилояти ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
- Ажойиб фестиваль ҳақида эшитиб, Туркиядан келдик. Ўзбекистоннинг Намангани асаларичиликда дунёнинг ривожланган минтақаларидан бири эканлигига иқрор бўлдик, – дейди ҳаяжони ва ҳайратини яширмай туркиялик Ҳасан Едиюлдуз ва Эрдем Ийш. – Бу соҳага Туркиядан инвесторлар жалб этиш масаласини муҳокама қиляпмиз. Наманганда асал навлари мўл экан. Айниқса, тоғ асали роса хушбўй ва тотли, ҳеч қандай кимёвий воситалар қўшилмаган, юз фоиз табиий. Одамларнинг самимий ва хушчақчақлиги, хушнудлиги ёдимга муҳрланди. Барча асаларичилар ўз ишига меҳр-муҳаббат, иштиёқ билан ёндашиши таҳсинга сазовор.
Бултурги илк фестивалда қардош Қозоғистон асаларичилари уюшмаси раиси Валерий Касимбаев "Наманган - асал маҳсулотлари етиштириш пойтахти", дея эътироф этганида нақадар ҳақ эди. Албатта, айни эътирофу қайноқ ва қувноқ лаҳзалар замирида мезбон ташаббускорларнинг машаққатли меҳнати ётибди.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мазкур таҳлилий мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 31 октябрь, 226-сонида “НАМАНГАН – АСАЛ ЕТИШТИРУВЧИЛАР МАНЗИЛИГА АЙЛАНМОҚДА” сарлавҳаси билан чоп этилди.