Наманганда Хитой инвесторлари иштирокидаги бизнес-форумда 1 млрд долларга яқин шартномалар имзоланди

    Наманган–Хитой инвестиция ва бизнес форумида умумий қиймати 967,5 миллион долларга тенг 30 га яқин шартнома имзоланди.

    Форумда иштирок этиш учун Хитойдан Наманганга 300 нафардан ортиқ компания раҳбарлари ва тадбиркорлар келди. Улар дастлаб вилоят марказида ташкил этилган “Наманганда ишлаб чиқарилган” кўргазмаси билан танишди.

    Бу ерда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, электротехника, қурилиш, заргарлик, озиқ-овқат ва мебел саноати маҳсулотлари намойиш этилди. Шундан сўнг хитойлик меҳмонлар ҳудудларга чиқиб, шаҳар-туманларнинг инвестициявий имкониятини ўрганди.

    Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Наманган – Хитой халқаро инвестиция ва бизнес форумида сўзга чиққан вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақовнинг қайд этишича, бугунги кунда Наманганда Чин юрти капитали иштирокида 71 та корхона фаолият юритмоқда. Енгил саноат, қурилиш материаллари, фармацевтика, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм йўналишларида 850 миллион долларлик 28 та лойиҳа амалга оширилган.

    Жумладан, Чуст туманида хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган Таi Chang Special Steel қўшма корхонаси томонидан қиймати 95 миллион долларлик металл маҳсулотини қайта ишлаш лойиҳаси биринчи босқичи ишга туширилиб, 400 та иш ўрни яратилди. “Наманган цемент” қўшма корхонаси томонидан эса 70 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    2023 йилда Наманган вилояти ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 325 миллион долларни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 3,5 баробарга ортди. Хитойнинг вилоят экспорт ҳажмидаги улуши 25 фоиз, маҳсулот импортидаги улуши эса 35 фоизга тўғри келмоқда.

    Халқаро анжуманда Наманган вилояти ҳақида хитой тилида суратга олинган махсус видеоролик намойиш этилди. “Наманган” ва “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зоналари, шаҳар-туманларда барпо этилган 72 та кичик саноат зонаси, вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

    Шавкат Абдураззақов Хитой инвесторларини Янги Наманган шаҳарчаси, Чодак ва Нанай туризм объектларида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга чақирди. Вилоятда жорий йил май июнь ойларида бўлиб ўтадиган 63-халқаро гуллар фестивалига таклиф этди.

    Форум якунида келишув ва меморандумларни имзолаш жараёни бўлиб ўтди ва умумий қиймати 1 миллиард долларга яқин инвестиция шартномалари имзоланди. Улар орасида кичик ГЭС ва кўп қаватли турар жой комплекслари барпо этиш, электромобилларни қувватлаш қурилмалари ва ёритиш чироқлари, қишлоқ хўжалигида қўлланадиган дронлар, болалар аравачалари, гранит, газоблок ва базальт тошлари ишлаб чиқариш, ноутбуклар ва уларнинг эҳтиёт қисмларининг тайёрлаш каби кўплаб лойиҳалар бор.

    No date selected
    июн, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates