Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида ялпи мажлис вилоят фаоллари, хорижлик адабиётшунослар, республикамизнинг маданият ва санъат арбоблари иштирок этмоқда.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг симпозиум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Жараёнда вилоят ҳокими Нормат Турсунов нутқ сўзлади.
Тадбирда Белгия, АҚШ, Венгрия, Покистон, Россия, Эрон, Миср, Озарбайжон, Туркия, Шимолий Кипр, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 га яқин давлатнинг вакиллари иштирок этди.
Халқаро симпозиум доирасида Навоий давлат университети галереясида Алишер Навоий сиймоси ва ижодига бағишланган кўргазма иш бошлади.
Очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Ўзбекистон бадиий академияси академиги Н.Калонов, НДУ ва НДКТУ ректорлари М.Калонов, Б.Мардонов ҳамда фахрийлар, университет жамоаси, талабалар иштирок этишди.
Галереяда университетнинг санъат соҳасидаги ижодкор устоз ва талабаларининг меҳнати натижаси ўлароқ яратилган 100 дан ортиқ санъат асарлари намойиш этилади.
Навоий асарларида мужассам бўлган эзгу ғояларни янада чуқурроқ англашга хизмат қиладиган бадиий экспозиция бир ой давом этади.
Шунингдек, буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан бугун «НКМК тарихи» музейида юртимизнинг таниқли олим ва шоирлари иштирокида «Алишер Навоий ҳаёти ва ижод йўли» мавзусида давра суҳбати ўтказилмоқда.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, «Жадид» газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзолар сўз олиб, Ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Халқаро симпозиум доирасидаги тадбирлар 9 февраль куни ҳам давом этади.