Бу ҳақда Challenges журнали маълум қилди.
Манбаларнинг айтишича, бу ташаббус ҳақидаги мунозаралар дунёнинг турли жанговар нуқталарида, хусусан, Украинада баллистик ракеталардан фойдаланиш фонида кучайган. Россиянинг Украина ҳарбий-саноат мажмуасига янги ўрта масофага мўлжалланган “Орешник” баллистик ракетаси билан зарба берилганига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан нашр парламент мудофаа масалалари қўмитаси раҳбари Франсуа Кормье-Булижоннинг маърузасидан парча келтирди.
“Украинадаги можаро ва Эроннинг яқинда Исроилга берган зарбалари ердан учириладиган баллистик ракеталар каби узоқ масофага зарба берувчи қуроллар бизнинг рақобатчиларимиз учун стратегик қурол эканлигини эслатиб туради”, деди у.
Қайд этилишича, янги баллистик ракета ATACMS ўрнини босиши керак бўлган Американинг PrSM (Precision Strike Missile) оператив-тактик ракетасидан ўтиб кетиши керак. Шу билан бирга, аввалроқ маълум қилинишича, дастлабки босқичда PrSM учун мақсадли нишон масофаси 499 километр бўлади. Кейинги босқичларида бу икки баробардан ошиши мумкин.
Бундан ташқари, истиқболли француз ракетаси парвознинг якуний босқичида маневр қилиш қобилиятига эга бўлиши керак, бу эса уни ҳаво мудофаа тизимлари томонидан тутиб олинишини “деярли имконсиз” қилиши керак. Журнал Эроннинг Фаттоҳ ракеталари шундай имкониятларга эга эканлигини, улар октябрь ойи бошида Эроннинг Исроилга ҳужуми чоғида қатламли ҳаво мудофаа тизимини енгиб ўтишда самарали бўлганини таъкидлайди.
Уни ишлаб чиқиш Ariane ракеталарини яратган Ariane Groupга топширилиши мумкин. У аввалроқ М51 сув ости қайиғидан учириладиган ядро баллистик ракетасини ишлаб чиққан ва ҳозирги пайтда биринчи парвози 2023 йилда амалга оширилган гипертовушли планер – VMAX устида ишламоқда, деб хабар беради report.az.