Оила мустаҳкамлиги эр-хотиннинг тотувлигига боғлиқ

    Ижтимоий ҳаёт 18 октябр 2022 2917

    Оила - эр ва хотиннинг яхши ният билан қурган иттифоқи. Унинг тинч-тотув ва фаровон бўлиши, фарзандларнинг бекаму кўст вояга етиши, ҳар иккала томондаги қариндош-уруғлар билан аҳиллик ва тотувликда ҳаёт кечиришига эр ва хотин бирдек масъулият билан ёндашсагина оила бахтли бўлади.

    Оила аъзоларининг фикр-мулоҳазасини англаш, ахлоқ-одобини назорат қилиш, ўринли ва эзгу талаб-истагини қондириш учун оғир-босиқлик, мулоҳазакорлик, тадбиркорлик талаб қилинади.

    Бугунги кунда оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига амал қилмаслиги аксарият ҳолларда низоларга сабаб бўлаётгани ва охир-оқибат нотинчлик ортидан қайд этилаётган ажримлар жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айлангани рост.

    Биргина Сирдарё вилоятининг ўзида жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 1 158 нафар бола ота ёки она меҳридан, тўлиқ оилада яшаш бахтидан бенасиб бўлди.

    Булар, шубҳасиз, оилалардаги маънавий бўшлиқ, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги, ёшларнинг зарарли одатларга муккасидан кетиши, мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ҳаётга енгил-елпи қараш, оиланинг муқаддаслигини тушуниб етмаслик ортидан ажрим юзага келиши оқибатидир.

    Ушбу даврда вилоятда ажримлар сони 1 331 тани ташкил этди. Энг юқори кўрсаткичлар Гулистон шаҳрида 270 тани, Сирдарё туманида 193 тани, Боёвут туманида 157 тани, Янгиер шаҳрида 115 тани ташкил этди.

    Тўғри, ажримларнинг кўпайиб бораётгани жуда ачинарли ҳолат. Аммо, ажрим сабаблари таҳлил қилинганида ота-оналарнинг фарзандлари раъйига қарамай, орзу-ҳавасга берилиб «мен ҳам бошқаларга ўхшаб келин олишни истайман» дея шошилинч тўй қилишлари ортидан феъл-атвори бир-бирига тўғри келмаслиги сабабли қайд этилган ажримлар 486 та, узоқ вақт давомида бир оила бўлиб яшамаслик сабабидан 109 та ажрим қайд этилган. Яъни, эр-хотин аллақачон ажрашиб кетгану, ажрим расман қайд этилмаган. Шаръий никоҳ билан бошқа оила қуриб, фарзандли бўлгач, биринчи оиласи билан ажрим мақсадида судга мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам анчагина.

    Сабабларни таҳлил қилишда давом этадиган бўлсак, бефарзандлик важидан 186 та ажрим расмийлаштирилган бўлса, учинчи шахс аралашуви натижасида (қайнона, қайнота, қайнисингил, қайноға, овсинлар) 84 та, миграция (эр ёки хотиннинг бошқа давлатга чиқиб кетиши) оқибатида 73 та, ичкиликбозлик ва наркотик моддалар истеъмоли сабабли 76 та, хиёнат сабабли эса 59 та ажрим қайд этилган.

    Юқорида қайд этилганидек, ота ёки она меҳридан, тўлиқ оилада яшаш бахтидан бенасиб бўлган 1 158 нафар бола ҳам айнан оиладаги маънавий бўшлиқ, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги, ёшларнинг зарарли одатларга муккасидан кетиши, мустақил ҳаётга тайёр эмаслиги, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ҳаётга енгил-елпи қараш, оиланинг муқаддаслигини тушуниб етмаслик ортидан юзага келган ажримлар қурбони бўлган.

    Тўғри, тушунмовчилик юз берганда катталарнинг, қўни-қўшни, маҳалла-қўй, кенг жамоатчиликнинг аралашуви, насиҳати билан муросага келиб, яраштириш чоралари кўрилади. Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ажрим ёқасидаги 701 та оилалар индивидуал суҳбатлар олиб бориш, низо сабабларини чуқур ўрганиб, муаммога ечим топиш натижасида яраштирилган. Ўзаро келишмовчилик оқибатлари ҳисобга олинган ҳолда яраштирилгандан кейин оилада нохуш ҳолати рўй бермаслигига кафолат бўлсагина яраштирув қўлланилади. Аммо, оилада зўравонлик, тазйиқ, тан жароҳати етказиш каби ҳолатлар бўлса, муаммо чуқурлашган, ўзаро ришталар узилиб кетган бўлса, яраштириш имконияти қолмайди. Чунки эр-хотинни ярашишга мажбурлаш яхшиликка олиб келмайди.

    Келинг, бир неча мисолларни келтириб ўтайлик.

    Вилоятимизда истиқомат қилувчи бир аёлнинг оиласи ўрганилганда, 14 йилдан буён эри наркотик моддалар истеъмол қилиши, оиласини боқиш фақатгина аёл зиммасида экан. Суҳбат давомида у аёл эр ўзининг гиёҳванд шерикларини истаган вақтда уйга бошлаб келишини, аёл ишда бўлган вақтда икки нафар қиз фарзанди уйга киришга қўрқиб дарвоза олдида онани кутиб ўтиришни, қизларининг келажагидан хавотирга тушаётганлиги сабабли ажрашишга қарор қилганини айтиб берди. Айтайлик сиз бу ҳолатда аёлга эри билан ажрашмасликни тавсия қила оласизми?

    Уч нафар фарзанднинг онаси 10 йил мобайнида оиласида эри томонидан жисмоний зўравонликка учраган. Муттасил калтакланиб, ҳали у ери, ҳали бу ери кўкариб юрадиган аёл оиласини сақлаб қолиш мақсадида ҳар сафар эрининг айбини яшириб келган. Охир-оқибатда соғлиғини йўқотиб, ногирон бўлиб қолган. Оқибатда аёл «Бу кетишда бир куни ўлдириб қўйса, болаларим кўчада қолиб кетади» деган фикрга келган ва ажримга мурожаат қилган. Бу ҳолатда кўра-била туриб, бир аёлнинг қотиллик қурбони бўлишига замин яратиб бериш мумкинми?

    Икки нафар фарзанд ўсаётган оилада аёл ичкиликбозликка берилган. Аёлини бу йўлдан қайтаролмаган эр ажрашишни сўнгги чора сифатида танлаган ва судга мурожаат қилган. Ўз онасининг жирканч қиёфасини кўриб вояга етаётган фарзандлар келажаги отани хавотирга солгани учун ҳам ота шу қарорга келган. Агар бу ҳолат сизнинг яқинингиз оиласида юз берганида нима қилган бўлардингиз?

    Оилавий қадриятларимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, халқимизда азалдан эркаклар оиланинг устуни ҳисобланган. Ҳар бир эркак ўз оиласининг устунига айланиб, унга бош бўлиши, тарбия тизгинини қўлига олиши керак. Қолаверса катта ҳаётий тажрибага нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари оилалар мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизни тўғри тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшиши лозим. Зеро, оила мустаҳкамлиги йўлида тарбия – соғлом оиладан бошланади.

    Наргиза Тожибоева,

    Сирдарё вилоят

    Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates