Унда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди. Шаръий никоҳ асосида яшаётган юзлаб хонадонлар қонуний асосда никоҳлари қайд этилди.
Яшаб турган шу жамиятимиз учун бир дона ажрим ҳам кўп аслида. Чунки ҳар бир рақам остида минглаб тақдирлар яширин. Фарғонадаги ФҲДЁ бўлимларида ташкил этилган тарғибот тадбирларида эса кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда, янги оила қуриш истагидаги ёшлар, ажралиш арафасида турган оилалар иштирок этди.
Тадбирлар давомида никоҳнинг муқаддаслиги, ажримларнинг асл сабаблари ва моҳияти очиқланди. Узоқ йиллар бирга тинч-тотув яшаган, ҳаётнинг турли синовларидан матонат ва сабр билан яшаб келган пиру бадавлат оилалар, нуронийлар ва кайвоний оналар ёшларга ўрнак қилинди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг шу даврига нисбатан ажримлар сони вилоятда 3 минг 225 тани ташкил қилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 1 ярим баробарга кўп.
— Бизнингча, ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим, — дейди Фарғона туман 2-сон ФҲДЁ бўлим бошлиғи Шахноза Имомова. — Унинг қадр қиммати имкон қадар ошириш лозим. Нега? Чунки бизда никоҳ арзонгаров бўлиб қолган. Асосий эътибор тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилади. Маросимлар биринчи ўринга қўйилади. Ким нимага қийинчилик билан эришса, уни шунчалар қадрлаши табиий, албатта. Ҳозирда эса ўзимизнинг шахсий орзу-ҳавасларимиз туфайли ёшларимизга никоҳ ва келин бўлмишни осонгина бериб қўяётгандекмиз.
Тошлоқ туманининг «Қамчипуруш» МФЙ да истиқомат қилувчи бир фарзандли Қудрат Маҳмуджонович турмуш ўртоғи Камолат Мирзаалиева билан 5 йилдан буён яшаб келаётган эди. Ушбу фуқаролар ажримга қарор қилган оилалардан. Уларнинг муаммолари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда муҳокама қилинди. Ажримга сабаб бўлаётган муаммолари ўрганилиб таҳлил қилинди, оила вакилларига яна бир имконият берилди.
Шу туманнинг Тоғлиқ қишлоғида истиқомат қилувчи, 2 нафар фарзандларни тарбия қилаётган ёш оила — Анваржон Сиддиқов ва Сохиба Ҳалиловалар ҳам ажримга ариза берган эди. Масала шундаки, учинчи шахснинг аралашуви ҳамда маиший муаммолар сабаб ажралиш ёқасига келиб қолган. Кенг жамоатчилик вакиллари билан бирга уларга 4 ой давомида тушунтириш ишлари олиб борилди. Тарғибот тадбирлари давомида ҳаёт тажрибасига эга намунали оила вакиллари ўз ҳаётлари давомида учраган ана шундай вазиятлардан мисоллар келтириб, тажрибалари билан ўртоқлашди. Оила вакиллари яраштирилиб, улар ҳаётга бутунлай янгидан қадам қўйдилар.
Оила кодексининг 13-моддасига асосан, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Рақамларга эътибор берсак, вилоятда ўтган давр мобайнида расмий эътирофсиз, шаръий никоҳ билан 1 минг 200 дан ортиқ фарзандлар дунёга келган.
Шаръий никоҳ билан яшаш ўтган йилга нисбатан салмоғи камайган. Лекин шаръий никоҳлаб қўйиш ҳолатлари ҳали ҳам давом этяпти. Бунинг асосий сабаби — ажримларнинг кўплигида. Бу икки масала эса бир бири билан чамбарчас боғлиқ. Ажрашиб уйланганлар ажрим узоқ жараён эканлиги учун иккинчи никоҳни деярли қонунийлаштирмайди. Бу бор ҳақиқат. Бундан ташқари, ажралишаётган оилаларнинг аксарияти судда ёки ФҲДЁ бўлимларида ўзаро келиша олмайди. Жараён шу билан узоқ давом этаверади. Бу каби ҳолатлар эса қонунийлаштирмасдан, шаръий никоҳ асосида яшашга кенг йўл очади.
Юлдузхон Ашурова 5 йилдан буён шаръий никоҳ асосида турмуш ўртоғи билан яшаб келади. Тарғибот тадбирлари давомида уларнинг ҳаётлари расман қайд этилиб уларга қонуний никоҳ расмийлаштириб берилди. Юлдузхоннинг эса ҳаяжони чексиз.
— Шаръий никоҳда ҳам турмуш ўртоғим билан бахтли яшай олдик, — дейди Юлдузхон Ашурова. — Бироқ қонуний тан олинмасангиз, қонуний ҳуқуқларингиз ҳимоя қилинмаган бўлса, юрагингизнинг бир чети кемтик бўлиб туравераркан. ФҲДЁ бўлими ходимларининг ёрдами билан мана бу никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномага эга бўлдик. Эндиликда чинакамига бахтли бўла олдим, деб айта оламан.
Фарғона вилоятининг 19 туман ва шаҳарларидаги 21 та ФҲДЁ бўлимларида ташкил этилган тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ўз самарасини берди. Кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ходимлари, маҳалла фаоллари иштирокида вилоятда жами 40 дан ортиқ ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди.
Оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласининг бирдан бир йўли эса бу турмушдан аввал оила қуриш ёшидаги ёшларга тўлиқ тушунча кўникмаларни бериш ва тарғибот ишларини ёшлар орасида, маҳаллаларда изчил олиб бориш керак.
Элёржон ЭҲСОНОВ,
ДХА Фарғона вилоят бошқармаси, Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси етакчи маслаҳатчиси.