Она заминни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз

    Дунё миқёсида ердан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, Она заминимизда кечаётган зиддиятли жараёнлар ер тузилмасини тобора ўзгартириб юборяпти.

    Ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида 1970 йилдан бошлаб ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги кўплаб мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказила бошланди. Шу боис, БМТ Бош Ассамблеяси 2009 йилда ушбу санани Халқаро Ер куни деб эълон қилиб, уни нишонлашга қарор қилди. Шу куни турли мамлакатларда инсонларни сайёрамиз ягоналигини ҳис этиш, барча кучларни дунёда хавфсизликни таъминлаш, халқаро тинчликни сақлаш ва барча инсонларнинг ягона уйи ҳисобланган Ерни ҳимоя қилишга чорлайдиган хайрли ташаббуслар амалга оширилади.

    Мутахассисларнинг фикрича, Ер сайёраси пайдо бўлганига қарийб тўрт ярим миллиард йил бўлган. Унинг 29 фоиздан ортиқроғи қуруқликка, қолган қисми эса денгиз ва океанларга тўғри келади. Ишлов бериладиган майдонлари эса бор-йўғи 11 фоизни ташкил қилишига қарамасдан, инсонлар учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизини етиштириб беради.

    Ер умуммиллий бойлик бўлиб, мамлакатимизда ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинади. Асосий Қонунимизнинг 55-моддасида ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида экани белгиланган бўлиб, давлат экологик сиёсатининг асосий тамойилларини ҳам ўзида қамраб олган.

    Ернинг муҳофаза қилиниши янги таҳрирдаги Конституцияда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, 68-моддада ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгиланяпти.

    Табиат ресурслари вазирлигининг фаолияти давомида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида қараб келинмоқда ва ушбу йўналишда самарали ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, 2022 йилда ер ости бойликлари соҳасида республикада жами 3 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бузилган ерларнинг рекультивация қилиниши масаласи назоратга олинди, 2 минг 80 гектар ер майдонларини рекультивация қилиш режалаштирилиб, ҳозиргача 2 минг 362 гектар ер майдонида рекультивация ишлари бажарилиши таъминланди.

    Геологик-қидирув ишлари ва қазилма бойликларини қазиш учун берилган рухсатноманинг амал қилиш муддати тугаган 45 та объект бўйича бузилган ерларнинг рекультивация қилиш масаласи мониторинг тартибида ўрганилди.

    Ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда қонунийликни таъминлаш давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ундан мақсадсиз фойдаланишга барҳам бериш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган бўлса-да бу борада ҳамон қонун бузилиш ҳолатлари учрамоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини мониторинг қилиш, баҳолаш, ҳисобот шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг натижаларини чоп этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар деградацияси, чиқинди полигонлари ва саноат корхоналари атрофидаги тупроқларнинг ифлосланиши аниқланган ҳолатлар ва уларни баратараф қилиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида маълумотлар “Ер деградацияси” геоахборот порталига маълумотлар мунтазам равишда тақдим этилмоқда.

    Сўнгги 60 йилда Орол денгизининг қуриган тубида 5,5 млн. гектар майдонда янги “Оролқум” чўли пайдо бўлди, шундан 3,3 млн. гектари Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Ушбу ҳудудда биохилмахиллик ва экотизим мувозанатини сақлаш жуда муҳим ҳисобланади.

    Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни тубдан яхшилаш, минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш ҳамда аҳоли турмуш тарзи ва даромадларини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Орол денгизининг қуриб қолган қисмида экотизимни яхшилаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам ўзининг самарасини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг ташкил этилиши бу борада муҳим ўрин тутаётганини таъкидлаш ўринли.

    Юзага келаётган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, иқлим ўзгариши ва деградацияга учраган ерларни атроф муҳитга таъсирини камайтириш “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш, денгизнинг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этиш ва экотизимни яхшилаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

    Кейинги йилларда барпо этилган 2 миллион гектар янги дарахтзор ва ўсимлик майдонлари Оролбўйи минтақасида экологик фожианинг оқибатларини юмшатиш билан бирга мавжуд аҳволни яхшилашга муносиб хизмат қилмоқда.

    Орол денгизи минтақасига мослашган ўсимликларнинг саноат плантацияларини яратишда фойдаланиш учун Тоттори университети (Япония) билан ҳамкорликда ёғочли дарахтларнинг тез ўсадиган, жумладан, жийда, айлант, Канада толи ва павлония каби турларини танлаб олиш бўйича тадқиқотлар ўтказилди.

    Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг (ICBA) молиявий кўмагида Орол денгизининг қуриган тубидан 10 хилдан ортиқ тупроқ типларини бир жойга тўплаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида лизиметрик тадқиқот майдончаси барпо этилди ва тадқиқот ишлари олиб борилаяпди.

    Ер ресурсларининг ифлосланиши билан боғлиқ ер деградациясини бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан тупроқнинг ифлосланишини назорат қилиш бўйича ҳудудий ташкилотларнинг Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлимлари (аналитик лабораториялар) томонидан 147 та корхонанинг 701 та ифлослантирувчи манбаларидан 849 та намуналар олиниб хлоридлар, сульфатлар, фосфатлар, нитратлар, фтор, кальций, фенол, нефть маҳсулотлари, аммоний, оғир металлар, карбонат, бикарбонат, хлор, хлорорганик пестицидлар бўйича 3891 та физик-кимёвий таҳлиллар ўтказиб келинмоқда.

    Вазирлик томонидан жорий йилда йилда ерларни янада муҳофаза қилишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, “Ер қаъри участкаларидан фойдаланишда бузилган ерларни яроқли ҳолга келтириш тўғрисида Низом” лойиҳасини ишлаб чиқиш, ҳудудлар кесимида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш натижасида бузилган ерлар хатловдан ўтказиш, шунингдек, 2154 гектар бузилган ер майдонларида рекультивация қилиш ишларини ташкиллаштириш кўзда тутилган.

    Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида стандартлаштириш маркази ҳамкорлигида Мақбул қишлоқ хўжалик ва экологик амалиёт (GAEP) талаблари асосида O‘z DSt 3619:2022 давлат стандарти ишлаб чиқилди.

    Мазкур давлат стандарти қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқариш жараёнларига мақбул қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиёт бошқарув тизимини жорий қилишга қаратилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда сув, тупроқ, ўсимлик, хайвонот дунёсини сақлаш, муҳофаза қилиш шунингдек ўғитлар, озиқ-овқат ва ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларидан фойдаланишларга қўйилган талабларни белгилайди.

    Президентимизнинг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар деградацияси, тупроқни ифлослантириш манбалари жойлашган ҳудудлар ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган ҳудудларда тупроқни ифлослантирувчи манбалар мониторинги юритилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

    Умуман олганда, халқимизнинг фаровон ҳаёти, ризқ-рўзи манбаи ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожининг таянчи бўлган она еримизни асраб-авайлаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уни турли хил салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг нафақат конституциявий, балки келажак авлод олдидаги энг масъулиятли бурчидир.

    Ҳамза Аминов,

    Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги

    Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш

    технологиялари илмий-тадқиқот

    институти директори ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates