Ўнта муҳим ташаббус: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг янги даври

    Хитой Халқ Республикаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги 1991 йил 27 декабрда тан олинди ва 1992 йил 2 январда дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Ушбу дипломатик муносабатларнинг фундаментал асослари 1992 йил октябрда Тошкентда ХХР элчихонаси ва 1995 йил май ойида Пекинда мустақил Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсата бошлади.

    Ўтган 30 йил мобайнида икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари барча жабҳаларни қамраб олган бўлиб, икки мамлакат ўртасида ўрнатилган ўзаро ишончли алоқалар ҳамкорликнинг асосини ташкил этади. Бу ўзаро манфаатдорлик, тенглик, очиқликка асосланган ҳамкорлик алоқаларига асосланди. Хусусан, улар орасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларда терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотик ва ноқонуний қурол-яроғлар савдоси бўйича қарашларнинг муштараклиги алоҳида ўрин тутади.

    Ўзбекистон ва ХХРнинг ўрган 30 йиллик муносабатларининг институционал асослари узоқ муддатли стратегик ҳужжатларда ўз аксини топган. Масалан, 2005 йилдаги “Дўстлик ва ҳамкорликнинг шерикчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома”, 2012 йилдаги “Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация”, 2013 йилдаги “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома”, 2013 йилдаги “Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация”, 2016 йилдаги Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув битими ва бошқа ҳужжатларни айтиш мумкин.

    Буни ХХР Раиси Си Цзиньпин 2016 йил 20 июнда Ўзбекистон билан бўлган муносабатларга тўхталганда ҳам илгари сурган эди. Хусусан, “Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир” – деб таъкидлаши безиж эмас эди. Чунки ўз пайтида Конфуций таълимотида илгари сурилган: “Осойишталик йўқ давлатга борманг; тартиб йўқ давлатда яшаманг. Агар Осмон остида осойишталик ҳукм сурса, ўзингизни намоён қилманг; агар Осмон остида нотинчлик бўлса, яширинг” деган фалсафий қарашларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ХХР осойишталик ҳукм сураётган мамлакатимиз билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатли шерик эканлигини, узоқ тарихий таълимотларига асосланганлигини кўришимиз мумкин.

    Шу сабабли бўлса керак, ҳозирги икки томонлама стратегик ҳамкорлик муносабатлари янги форматга кўчди. Бу форматдаги ўзгаришларнинг асосий мазмуни ноёб маданият ҳамда улкан интеллектуал салоҳиятни намоён этишга қаратилди. Икки давлат ўртасида маданий ҳамкорлик алоқалари тубан ривожланиб бориши асосида “инсон қадри ва унинг манфаатларини” эъзозлаш орқали маданиятлараро мулоқот диалоги юзага келди. Сабаби, бугун Ўзбекиситон Республикаси ва ХХР ҳам тараққиётнинг янги парадигмасига қадам қўйди. Академик О.Богомолов: “Янги жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Хитой жамияти ўзининг “хато”ларидан хулоса чиқариб, постиндустриал тараққиётнинг янги парадигмасига ўтиши, унинг тинч юксалиш сиёсатининг янги йўли эканлигини англатади”, деб таъриф беради.

    Жорий йилнинг 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви ҳам минтақа давлатлари ҳамда ХХР ўртасидаги янги ҳамкорликнинг истиқболи бўлди, десак хато бўлмайди. Ушбу видеоанжуман шаклидаги учрашувида Марказий Осиё давлатларининг барча давлат раҳбарлари иштирок эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Ушбу нутқида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар ўтган даврда жадал ва барқарор тус олганини таъкидлади. Мазкур видеоанжуманда мамлакатимиз етакчиси ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини ўз ичига олган ўнта муҳим таклифни илгари сурди. Хусусан:

    Биринчидан, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди;

    Иккинчидан, “Хитой – Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш лозимлигини таклиф этди.

    Учинчидан, ўзаро ҳамкорлик алоқаларда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва такомиллаштириш, IT-парклар негизида “Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформасини яратиш таклифини билдирди.

    Тўртинчидан, соғлиқни сақлаш ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Бунда вакциналар ишлаб чиқиш, синаш ва ишлаб чиқаришда Хитой билан шерикликни давом эттириш ҳамда икки давлат ўртасида инсонлар ва товарлар ҳаракатини енгиллаштириш мақсадида вакцинация паспортларининг ўзаро тан олинишини таъминлаш;

    Бешинчидан, Ўзбекистонда аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасида ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларида Хитой билан ҳамкорликни давом эттириш;

    Олтинчидан, пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бунда БМТ Бош Ассамблеясининг пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусни биргаликда илгари суриш;

    Еттинчидан, “Яшил Ипак йўли”ни барпо этиш доирасида иқлим кун тартибини биргаликда илгари суриш;

    Саккизинчидан, муқобил энергетика соҳасида ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган “Экологик тоза ривожланиш”ни таъминлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш;

    Тўққизинчидан, Марказий Осиё ва Хитой халқларини янада яқинлаштириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, 2023 йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилиш асосида академик ва талабалар алмашинувининг турли йўналишлар бўйича ривожлантириш таклиф қилинди.

    Ўнинчидан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасида “Хавфсиз Ипак йўли” концепциясини амалга ошириш мақсадларидан келиб чиқиб Афғонистон йўналишидаги қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.

    Хулоса ўрнида шуни қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ХХР билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди ҳамда бу икки давлатнинг бир-бири билан узоқ муддатли стратегик ҳамкор эканлигидан далолат бермоқда. Бу эса, икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига ва ҳозирги замон талабларига тўла мос келади. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги мулоқотлар диологини янада кенгайтириб, истиқболда янада самарали натижаларга эришишга кенг имкониятлар яратади.

    Усмонжон Бўтаев,

    “Истиқбол” тадқиқот маркази ННТ раҳбари,

    сиёсатшунос

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates