ОПЕК жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

    Жорий йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори А.Шин ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги ОПЕК жамғармаси миссияси вакили ҳамда ОПЕК жамғармасининг давлат секторидаги оператсиялар бўйича ҳудудий менежери Ольга Михайлова хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

    ОПЕК жамғармасининг 2023 йил 16 июлдан 23 июлгача давом этадиган миссиясининг мақсади Ўзбекистондаги ОПЕК жамғармасининг жорий фаолиятини кўриб чиқиш, шунингдек, давлат секторида келгусидаги ҳамкорликни муҳокама қилишдан иборат.

    Маълумот учун: Ислом тараққиёт банкининг «Ўзбекистон Республикасида таълим хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида умумий қиймати 66,9 миллион бўлиб, ОПЕК жамғармасининг иштирокида эса 20 миллион доллар миқдорида назарда тутилган.

    Лойиҳанинг мақсади – давлат-хусусий шериклик асосида 200 та янги ташкилот қуриш орқали нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, мактабгача ёшдаги болаларнинг қамровини 30 мингта янги ўринга ошириш, шунингдек, 2,5 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

    Учрашувда томонлар ОПЕК жамғармаси иштирокини кўзда тутувчи Ислом тараққиёт банкининг қўшма лойиҳасини амалга оширишнинг якунланган босқичларини, шунингдек, амалга ошириш режалари ва лойиҳанинг операцион модели тафсилотлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама этди.

    Ольга Михайлова хоним мамлакат раҳбариятининг мактабгача ёшдаги болалар учун тенг шароит ва таълим олиш имкониятини яратишга интилаётганини таъкидлади.

    Ўз навбатида, А.Шин қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш йўлида Фонднинг миссиясини ташкил этгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Учрашув якунида томонлар ушбу лойиҳа доирасида амалга ошириладиган барча зарур тадбирлар бўйича келишувга эришдилар, деб хабар беради Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати.