2024 йилнинг 19 июлида Вазирлар Маҳкамасининг «2024-2025 йилларда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманини ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Мазкур қарор асосида, Оққўрғон туманининг «Бирлик» МФЙда «Ором» дам олиш масканини барпо этиш назарда тутилган эди.
Айни пайтда ушбу ҳудудда реконструкция қилиш бўйича демонтаж ишлари бошлаб юборилди, дея хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
Қайд этилишича, умумий 15,9 гектар майдонда қурилиши режа қилинган мазкур дам олиш маскани ҳудудида, 10,7 гектар жойга сузиш ҳавзаси, хизмат кўрсатиш ва оилавий дам олиш объектлари, аттракционлар, болалар шаҳарчалари, айрим тарихий объектларнинг мини-макетлари, яшил майдонлар, пиёдалар йўлакларини барпо этиш, хизмат кўрсатиш ва оилавий дам олиш объектлари, фавворалар барпо этиш кўзда тутилган.
Бу орқали аҳолининг бўш вақтини унумли ўтказиш учун етарли шарт-шароит яратилади.
12 миллиард сўм ҳомийлик ҳамда тадбиркорларнинг маблағлари эвазига бунёд этилаётган маскан туманга кириш сарҳади бўлгани боис ўзига хос ташриф қоғозига айлантирилади.









