Орзу-умидларимиз рўёби — қизлар таълимида

    Фикр 5 сентябр 2024 331

    Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳар йилгиданда мазмунан бойлиги, халқимизга, айниқса, ёшларга мурожаат тарзида тақдим этилгани билан эътиборли бўлди.

    Давлатимиз раҳбари келгусида олдимизда турган улкан мақсад ва марраларга руҳлантирувчи гапларни айтар экан, бу сўзлар бутун халқимизнинг юрак-юрагига етиб борди, деб ўйлайман. Хусусан, Юртбошимиз «Қизларингизни ўқитинг, орзу- умидларини рўёбга чиқаришда уларга кўмакчи бўлинг!», — дея бонг урганларида шу юртнинг бир зиёлиси, бир онаси сифатида ниҳоятда тўлқинландим.

    Дарҳақиқат, қизлар таълими нафақат уларнинг орзу-мақсадлари, балки бутун халқимизнинг эртанги кун билан боғлиқ ёруғ ниятларининг ҳам рўёбидир, аслида. Чунки донишманд боболаримиз айтганидек, бир қизни ўқитиб, илмли қилиш бутун миллатни саводли, илмли қилиш, деганидир.

    Янги Ўзбекистонимизда хотин-қизларимизнинг нафақат мактаб ва ўрта махсус таълимни эгаллашларига жиддий эътибор қаратилмоқда, қолаверса, уларнинг олий таълим даргоҳларида билим олишларига кенг шароитлар яратилиб, илмий изланишларига кенг йўл очилаётганидан ҳар қанча қувонсак арзийди. Шахсан, Президентимиз ташаббуси билан олий таълим даргоҳларида хотин-қизлар учун алоҳида ўринлар ажратилиши, уларга таълимнинг магистратура босқичида бепул таҳсил олиш имконияти яратилгани мамлакатимиз таълим тизимида катта воқелик бўлди. Бугунги кунда Фарғона давлат университети илмий салоҳиятининг кўтарилишида айнан олима хотин-қизларнинг улуши ўсиб бораётгани фикримиз далилидир.

    Мана шундай дориламон кунларда бир эзгу аҳд дилимизда уйғоқдир: барчамиз касбимиз ва ёшимиздан қатъий назар, кучи бирликда, қадри тинчликда бўлган юртимизга юртбошимиз ортидан туриб таъзим қиламиз. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар эса бизни Янги Уйғониш даврига дадил кириб боришга катта руҳ ва куч беради.


    Иродахон ХОЛДОРОВА,

    Фарғона давлат университети доценти,

    филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).


    Ҳамкорлик материали