“Келажак соати” — она тилига муҳаббат дарси

    Тошкентдаги 248-мактабда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров томонидан “Келажак соати” дарси ўтказилди.

    21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан пойтахтимиздаги 248-умумтаълим мактабида “Келажак соати” дарси бўлиб ўтди.

    Дарсни “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров олиб борди.

    Тадбир давомида она тилимизнинг инсон ҳаётидаги ўрни, унинг маънавий ва сиёсий қудрати, халқ тафаккури ва миллий онгни шакллантиришдаги роли ҳақида мулоҳазалар билдирилди.

    Салим Дониёров ўз маърузасида ўзбек тилининг буюк ижодкорлар меросидаги ўрни, унинг жозибаси ва сўз бойлиги, шунингдек, дунё тиллари орасида тобора кенг эътироф этилаётгани ҳақида сўзлаб, ёшларни она тилига эҳтиром ва фахр туйғуси билан ёндашишга чорлади.

    Мултимедиа воситалари асосида ташкил этилган “Келажак соати” дарси интерактив ва дўстона муҳитда ўтди. Викторина саволлари орқали ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари синовдан ўтказилиб, фаол иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланди.

    Бу каби учрашувлар ёшлар онгида она тилимизга бўлган муҳаббат, тилга ҳурмат руҳининг шаклланишида муҳим ўрин эгаллайди.

    Ҳаким ТОҲИР олган суратлар