Ўзбекистон - Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

    Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг йигирманчи йиғилиши бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида ўтган мажлисда икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойиллари асосида фаол ривожланаётгани таъкидланди.

    Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тақаевнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

    Маълум қилинишича, ўзаро савдо жадал ривожланмоқда. Охирги беш йилда товар айирбошлаш икки баравардан ошди. Ўтган йили унинг ҳажми 4,6 миллиард долларни ташкил қилган.

    Мамлакатларимиз раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.

    Мазкур йўналишда тузилган ишчи гуруҳлар айни пайтда фаол иш олиб бормоқда.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1200 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

    Иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришнинг устувор йўналиши, шубҳасиз, саноат кооперациясини ривожлантиришдир.

    Давлатларимиз раҳбарларининг ўтган йил декабр ойида Тошкентда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси” барча устувор йўналишларни, жумладан, қиймати 10 миллиард долларлик аниқ лойиҳаларни ўз ичига қамраб олган.

    Иссиқлик электр станцияларини қуриш, фосфорли ва минерал ўғитлар, маиший техника, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тўқимачилик кластерларини яратиш, автомобил ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бошқа кўплаб лойиҳалар шулар жумласидандир.

    Йиғилишда мазкур вазифалар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштиришга, янги иш ўринлари яратишга ҳисса қўшиши таъкидланди.

    Шунингдек, йиғилишда савдо-сотиқ, инвестиция, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

    Мажлис якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Матбуот хизмати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates