Ўзбекистон -Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг IV мажлиси бўлиб ўтди

    2024 йил 21 июнда Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон томонидан комиссия ҳамраиси Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ҳисобланади. Қирғизистон томонидан – Қирғизистон Жогорку Кенеши вице-спикери Н.Азигалиев.

    Томонлар очиқ ва конструктив руҳда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, ҳудудлараро ва чегараолди ҳудудлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, юқори даражада эришилган Ўзбекистон -Қирғизистон келишувларини амалга оширишга кўмаклашиш масалаларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, келгусида давлатлараро ва парламентлараро форматдаги муҳим тадбирлар муҳокама қилинди.

    2024 йилга мўлжалланган Парламентлараро ҳамкорлик режасини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ахборот, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

    Парламентаризмни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича қўшма ташаббусларни илгари суриш, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

    Учрашув якунлари бўйича парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат вакиллик органларининг барча даражадаги ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди, қўшма аниқ тадбирлар ва парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.