— Арес Марсович, суҳбатимиз аввалида, Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида яқин қўшничилик алоқаларидан ташқари, яна қандай ўзаро боғлиқликлар мавжудлиги тўғрисида фикр билдирсангиз.
— Даставвал, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ушбу иқтибосини келтирмоқчиман: «Ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шоҳи, бир дарёнинг икки ирмоғига қиёсдир. Бизнинг динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Бир мақсад йўлида бирлашган ҳолда, қувончу шодлигимизда ҳам, қайғуйимизда ҳам доимо биргамиз. Аждодлар анъанасига содиқ қолган ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоғимиз даркор.»
Дарҳақиқат, Тожикистон ва Ўзбекистон икки мустақил давлат сифатида турли чегара ҳудудига эга бўлишига қарамай, азалдан уларни боғлаб турувчи умумий жиҳатлари бисёр.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг, тарихан икки миллат биродарлигига ҳеч ким аҳамият қаратмаган бўлсада, аслида қадимдан ягона халқ бўлганимиз маълумдир.
Минг йиллар мобайнида, яъни Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар давридан буён икки давлат вакиллари ёнма-ён, ҳамжиҳатликда умр кечириб келмоқдалар. Икки давлат аҳолисининг айнан Ислом динининг Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилиши ҳам ғоятда аҳамиятлидир.
Бугунги кунда, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан янги ўсиш суръатини намоён этмоқда. «Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик шартномаси», «Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома» каби ҳужжатларнинг тасдиқланиши, ўзбек-тожик ҳамкорлик йўналишини белгиловчи асосий ҳужжат саналади.
— Сизнингча, нима мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг қайта тикланишига туртки бўлди?
— Комил ишонч билан айта оламанки, Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли, яхши қўшничилик, қардошлик алоқаларини ривожлантиришда ижобий натижага эришилди.
Мамлакат раҳбарларининг ўзаро конструктив мулоқоти самараси ўлароқ, кўплаб минтақавий характерга эга муаммоли масалалар ўз ечимини топди.
Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек: «Зиммамизда улкан масъулият юклатилган: биз нафақат қўлдан бой берилган имкониятлардан фойдаланишимиз, балки ўзаро яқин муносабатларимизни ҳам янги босқичга олиб чиқмоғимиз даркор».
— Бундан ташқари, минтақавий муаммолар ва ижобий ютуқларимиз деганда айнан нимани назарда тутяпсиз?
— Шу ўринда, 2017 йилда Тошкент-Душанбе авиақатновларининг қайта йўлга қўйилиши, Ғалаба-Амузанг темир йўли барпо этилиши, Самарқанд-Пенжикент А-377 халқаро йўлининг очилиши, икки давлат чегарасида 10 та назорат пунктлари иш бошлагани қуйида фикримизнинг тасдиғидир. Айниқса, 2018 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи муҳим тарихий воқеа сифатида қайд этилиб, унда ўзбек-тожик халқлари ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик, биродарлик ва ўзаро стратегик шериклик соҳаларидаги муносабатларда янги саҳифа очилди.
Шунингдек, 2018 йилда «Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро саёҳатлари тўғрисидаги» келишувнинг имзоланиши, давлатларимиз ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланишида асос яратиб, миллионлаб фуқаролар ҳаётида енгиллаштирувчи мисли кўрилмаган туб бурилиш ясади. Шу билан бир қаторда, ушбу келишув юртимизда сайёҳлар оқимининг кескин кўпайиши, қариндошлик алоқаларининг қайта тикланиши ва трансчегаравий савдо-сотиқни амалга оширишга улкан ҳисса қўшди. Ўтган йиллар мобайнида, Ўзбекистондан қўшни Тожикистонга газ етказиб бериш тизими қайта йўлга қўйилди. Сув ресурсларидан фойдаланишдаги ўзаро манфаатли алоқалар қайта ўрнатилди.
Шу ўринда, Ўзбекистон ва Тожикистон БМТ,ШҲТ,МДҲ,ИФАС,ЕХҲТ,ИҲТ каби қатор халқаро ва минтақавий тузилмаларда бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича, жумладан, қўшни Афғонистондаги вазият бўйича ҳам умумий фикрга эга давлатлар ҳисобланади.
Шу ўринда, Тожикистоннинг биринчилар қаторида, 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлагани ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Эмомали Раҳмон ўз нутқида: «Умумий уйимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муҳитини яратиш йўлидаги қатъий қадамларингизни илиқ қарши оламиз. Улар бизнинг мақсадларимизга ҳам тўла мос келади»,- дея мурожаат қилган эди.
— Дарҳақиқат, сўнгги бир неча йиллар мобайнида, кўплаб ижобий ўзгаришларга эришилди. Аммо Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг бугунги ҳолати тўғрисида қандай фикрдасиз?
— Бугунги кунда, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ижобий ўсиш суръатини қайд этмоқда, айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон Парламентлари, ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқоти диққатга сазовордир.
Марказий Осиёни хавфсиз ва барқарор минтақага айлантириш йўлида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик ва қатор бузғунчи унсурларга қарши кураш доимий равишда кучайтириб борилмоқда.
Мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва савдо ҳажмини ошириш бўйича аниқ белгиланган чора-тадбирлари туфайли, 2018 йилда 202,5 млн. долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича 92 та шартнома ва келишувлар имзоланди. 2020 йилда Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми якунлари бўйича яна 711,5 млн. долларлик 306 та ҳужжат тасдиқланди.
Ўтган беш йил мобайнида, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал ўсиш суръатлари янада кенгайиб, изчил давом этмоқда. Шу тариқа, 2020 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми $ 500 млн. дан ошгани қайд этилди.
Тожикистонда саноат ҳамкорлиги доирасида ўзбек маблағи ҳисобидан 51 та корхона ташкил этилган бўлса, маҳаллий аҳоли ўртасида харидоргир маиший техника ишлаб чиқарадиган «Аrtel Avesto Electronics" қўшма корхонаси шулар жумласидандир.
Ш. Мирзиёев ва Э. Раҳмон томонидан махсус коммунал ва қурилиш транспортини йиғиш ҳамда ишга тушириш билан шуғулланувчи «ТАЛЬКО-КРАНТАС» қўшма корхонаси фаолиятининг йўлга қўйилиши, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим воқеа бўлди.
— Арес Марсович, суҳбатимиз бошида халқларимиз ўртасидаги қариндош-уруғчилик муносабатлари тўғрисида айтиб ўтдингиз, шу билан бир қаторда, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам фикр билдирсангиз.
— Шубҳасиз, бу борада ҳақли савол бердингиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг асосий устувор йўналишларидан яна бири, бу маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликдир.
Ушбу муносабатда, Тожикистон маданият кунларининг мамлакатимизда ўтказилгани, Душанбе шаҳрида атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг таваллудига бағишланган маданий тадбирларнинг ташкил этилганини айтиб ўтмоқчиман.
Шунингдек, 2020 йилда Суғд вилоятидаги Қадимий Саразм шаҳрининг 5500 йиллиги, тожик шоири ва мутафаккири Камоли Хўжандий таваллудининг 700 йиллиги, «Камолиддин Беҳзоднинг Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти мазмунидаги асари» мавзусидаги халқаро симпозиумлар ва кўплаб маданий тадбирлар кенг миқёсда нишонланди.
Ўтган йили сентябрда Ўзбекистон томонидан Тожикистоннинг Спитамен туманида янги мактаб биноси фойдаланишга топширилган бўлса, Душанбеда коронавирус инфекциясига қарши курашда ўнлаб тиббиёт жиҳозлари ва тиббий воситалар жойланган қутилар беғараз ёрдам сифатида қўшни мамлакатга тақдим этилди.
— Батафсил жавобингиз учун раҳмат, ва охирги савол: бугунги кунда ўзбек-тожик ҳамкорлигининг янада ривожланишига тўсиқлар борми?
— Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларда муаммоли ва мунозарали масалалар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, мамлакатларимиз иқтисодиётида ўзаро ҳамкорликнинг айрим соҳаларида салоҳиятимиз етарли бўлишига қарамай, аммо амалга оширилмай қолганлари талайгина, хусусан туризм, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун қўшма гуруҳлар яратиш соҳалари шулар жумласидандир.
Хулоса ўрнида, Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро фаол сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни сақлаб қолиш, ривожлантириш орқали келгусида минтақавий ҳамкорликнинг етакчи аъзоларига айланиши учун етарлича салоҳиятга эгадир. Умумий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишида муҳим роль ўйнаши мумкин.
Арес Баязитов,
Марказий Осиё халқаро институти
Бош илмий ходим








