Ташрифдан кўзланган мақсад эса икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини кенгайтириш, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этишдан иборат бўлиб, 20 май куни олий даражадаги Ўзбекистон-Венгрия музокаралари бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Унда бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, экстрадиция тўғрисидаги шартнома; иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим; табиий офатларни бошқариш; илм-фан ва инновациялар; тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро келишувлар алмашилди.
Учрашувда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди, хусусан, ўзаро савдо ҳажмининг ортаётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналарнинг кооперацияси кучаяётгани таъкидланди. Ҳозирги кунда 500 миллион долларни ташкил этаётган қўшма инвестиция лойиҳалари портфелини 1,5 миллиард евролик янги лойиҳаларга ошириш таклифи берилди.
Венгриянинг расмийлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларда давлатимиз раҳбари транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, автомобиль йўллари ва логистика марказларини қуриш, коммунал тармоқларни ривожлантириш, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, кимёвий товарлар, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, рақамли технологиялар, балиқчилик каби соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш таклифларини берди ва мазкур масалалар бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Қолаверса, Ўзбекистон-Венгрия Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини қайта тиклаш ва яқин фурсатда унинг навбатдаги йиғилишини бизнес вакилларининг кенг иштирокида ўтказиш таклиф қилинди.
Маданият, фан ва таълим соҳасида соҳасида қилинган ишлар, хусусан, ўтган йилнинг октябрь ойида Лакителек шаҳрида буюк шоир Алишер Навоий бюсти очилгани, жорий йилнинг январь ойида Будапештда Ўзбек киноси кунлари ўтказилгани таъкидланди. Бундан кейин режалаштирилган ишлар масаласи ҳал қилинди. Унга кўра, келгуси йилни Ўзбекистон ва Венгрия маданияти йили деб эълон қилиш таклифи берилди. Таълим алмашинуви бўйича «Stipendium Hungaricum» дастури доирасидаги ҳамкорлик давом эттирилиб, икки мамлакатда тан олинадиган дипломлар бериш тизимини жорий этиш ва мамлакатимизда Венгрия олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди, шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг учинчи форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Венгрияга қилинган ташрифнинг муҳим нуқталаридан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 май куни Венгрия пойтахтида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этганидир. Венгрия Бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркиянинг етакчилари ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.
Саммит аввалида ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Президентимиз ўз нутқида жаҳонда геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайиб бораётган бугунги мураккаб вазият шиддат билан ўзгариб бораётганини, долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига таянган ҳолда ташкилот давлатларининг умумий ёндашув ва позицияларини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Мазкур ҳужжат халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Президентимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникациявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, ташкилот мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмасида ўзаро савдо улушини ошириш мақсадида «Turk-treyd» онлайн платформасини яратиш ва товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий дастур қабул қилиш таклиф этилди. Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва божхона-чегара тартибларини соддалаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари ушбу йўналиш бўйлаб «ягона дарча» ва «яшил йўлаклар» тизимини тез фурсатда жорий этишга чақирди. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Туркий давлатларнинг мультимодал транспорт ва логистика халқаро форумини ўтказиш режалаштирилганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари Туркий инвестиция жамғармаси таъсис этилганини олқишлаб, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Қўшма венчур компанияси ва Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг инвестициявий имкониятларини тақдим этадиган ягона портал ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади. Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида йирик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Президентимиз ўз нутқида фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, «жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, барчамизнинг фахр-ифтихоримиз бўлган буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тараннум этиш биз учун шарафли ва масъулиятли вазифадир. Шу боис илм-фанни ривожлантириш ва ёш авлод учун таълим имкониятларини кенгайтириш ниятида «Туркий дунё хартияси»да «Илмдан ўзга нажот йўқ» деган юксак ахлоқий ғояни муҳрлаб қўйдик» деган фикрни билдирди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университетининг очилиши ташкилотга аъзо мамлакатларнинг таълим дастурларини амалга ошириш ва иқтидорли ёшларни тайёрлашга муносиб ҳисса бўлишини, мазкур ўқув даргоҳида туркий давлатларнинг етук профессор ва олимлари фаолият олиб бориши кўзда тутилаётгани, бу эса ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришини, уларнинг замонавий билимларни эгаллашига муносиб ҳисса қўшишини таъкидлади. Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Туркий маданият жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди. Саммит якунида Будапешт декларацияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу учрашув, шубҳасиз, минтақавий сиёсат ва халқаро алоқалар доирасида муҳим босқичлардан бири бўлиб қолиши билан бирга, Ўзбекистон – Венгрия ўртасидаги алоқаларнинг янада кучайишига, қолаверса, Туркий давлатлар ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланиши учун навбатдаги муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.
Баҳодир Маъмуров,
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгаши депутати,
Бухоро давлат педагогика институти ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор
Ҳамкорлик материали