Ўзбекистон чиқинди газларни камайтиргани учун Жаҳон банкидан тўлов қабул қилган дунёдаги биринчи давлат бўлди

    Энергетика секторида эмиссияларни камайтириш бўйича ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида эришган натижалари эвазига Ўзбекистон Жаҳон банкидан тўлов қабул қилган дунёдаги биринчи давлат бўлди.

    Бу Жаҳон банкининг мамлакатга энергия самарадорлигини ошириш, энергия субсидияларини қисқартириш ва тоза энергия манбаларига ўтишга кўмаклашувчи “Ўзбекистонда энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (iCRAFT) лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

    Ушбу турдаги лойиҳа банк томонидан дунёда биринчи маротаба амалга оширилмоқда.

    Лойиҳа доирасида 500 минг тонналик иссиқхона газлари эмиссияси муваффақиятли камайтирилгани натижасида Жаҳон банкининг Трансформацион углерод активлари жамғармаси (ТCАF) Ўзбекистонга 7,5 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Ушбу натижаларни учинчи томон мустақил равишда тасдиқлади.

    Юқорида келтирилган тўлов Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасида iCRAFT лойиҳаси доирасида тузилган Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси бўйича кутилаётган бир нечта траншларнинг биринчисидир.

    Битимга кўра, мамлакат энергетика секторини ислоҳ қилиш натижасида эмиссияларни, мустақил равишда тасдиқланган ҳолда, қисқартиргани учун 20 миллион долларгача грант маблағлари ёки “углерод молияларини” олиши мумкин бўлади.