Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Корея Республикаси, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Марказий Осиё минтақасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш бўйича Жанубий Кореянинг илғор тажрибасини татбиқ этиш орқали ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.
Форум иштирокчилари Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда ҳамкорликнинг ушбу шакли бошланганининг 15 йиллиги нишонланаётган мазкур йилда бу галги Форум алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидладилар.
Форум 2007 йилда Корея Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси ила Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган.
Корея Республикаси технологик ва кадрлар алмашинувини кенгайтириш, саноат, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, электрон ҳукумат, ахборот технологиялари, таълим, ўрмонларни қайта тиклаш, стандартлаштириш, инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш бўйича амалий тажрибани ўртоқлашиш орқали минтақа ривожига ҳисса қўшмяпти.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида пандемиядан кейинги тикланишнинг энг муҳим таркибий қисмлари бўлган анъанавий тиббиёт, рақамлаштириш, экология, туризм ва иқтисодий хавфсизлик соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни биргаликда йўлга қўйиш, шунингдек, инқирозни биргаликда енгиб чиқиш ва минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш долзарблигини таъкидлади.
Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусининг концептуал аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Иқлим ўзгариши, айниқса, бунинг Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожланишига салбий таъсири тадбир иштирокчилари эътиборидан четда қолмади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан махсус резолюция сифатида қабул қилинган Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудида Корея Республикаси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан Ўзбекистон манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчиларига эксперт ва таҳлилий доиралар ўртасида мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш, шунингдек, Тошкент шаҳрида илк анъанавий тиббиёт форумини ўтказиш таклиф этилди.
Форум доирасида Марказий Осиё ва Корея Республикасининг тармоқ вазирлик ва идоралари иштирокида гибрид форматда алоҳида сессиялар, шунингдек, Марказий Осиё-Корея ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда туризм кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Форум якунлари боўича Қўшма баёнот қабул қилинди.