Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Навоий шаҳрида қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Шаҳноза Каримова 50 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни ўқитиб, ишга олган. Шулардан 10 нафарига уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб берган.
Энг муҳими, бундай саховатпеша тадбиркор аёллар барча ҳудудларимизда кўплаб топилади. Улар “Мен — бунёдкор аёлман” деган лойиҳани илгари суриб, маҳаллаларда минглаб аёлларни касб-ҳунарга ўқитиб, даромадли қилиш ташаббусини билдиргани, тўғриси, мени жуда руҳлантирди.
Мен ўзига катта ижтимоий масъулият олган мана шундай ишбилармон хотин-қизларни “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” деб биламан ва уларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Уларга қандай қўшимча шароит ва енгилликлар керак бўлса, яратиб беришга тайёрман”, дея таъкидлаб ўтди.
Навоийлик тадбиркор бежиз шундай эътироф этилмади. Ҳақиқатан, айни вақтда тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритаётган Шаҳноза Каримова аҳоли бандлигини таъминлаш ва муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича ҳам эзгу ишларни амалга ошириб келмоқда.
Сифат, яхши хизмат, муомала маданияти, тинимсиз меҳнат ва янгиликка интилиш иштиёқи корхона муваффақиятини таъминлаши шубҳасиз. Шу тамойиллар асосида фаолият юритаётган “Барака Нон Навоий” МЧЖни бугун навоийликлар яхши билади. Вилоят марказидан туманларгача, доимий мижоздан тортиб, диди нозик истеъмолчигача — барчага бирдек ёқаётган маҳсулотларнинг сони, тури ортиб бормоқда. Бундай натижа ишбилармонга омад кулганидан эмас, тинимсиз меҳнат, бозор талабини ўрганиш ва интилиш маҳсулидир.
Тадбиркор Шаҳноза Каримова ҳам дастлаб фаолиятини бошлаганда қийинчиликларга дуч келган ва уларни матонат билан енгиб ўтган. Новвойлик билан шуғулланадиган турмуш ўртоғи фаолиятини кенгайтириб, янада ривожлантирди. Бугунги кунда йирик корхонага айланган ушбу масканда тайёрланадиган нон ва нон маҳсулотлари Навоий шаҳри ва унга қўшни бўлган ҳудудларда “Барака нон” номи билан машҳур.
— Дастлаб кичик новвойхонани ижарага олиб иш бошлаганмиз. Оиламиз билан ижара уйда яшардик. Туну кун меҳнат қилиб, уйма-уй, бозорларда нон сотардик. Жуда қийналган давримиз, бир қоп унга ҳам пул тополмай қолган вақтимиз бўлган. 2017-2018 йилларда тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, зарур ускуналар харид қилдик. Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қилдик. Босқичма-босқич маҳсулотлар турини кўпайтирдик. Харидорлар маҳсулотларимизни баракали деб эътироф этишарди. Шунинг учун ҳам корхонамизни “Барака Нон Навоий” деб номлаганмиз, — дейди тадбиркор Шаҳноза Каримова.
Бугунги кунда корхонада 200 га яқин фуқаро доимий иш билан банд. Уларнинг 70 фоизи хотин-қизлар. Кичик новвойхонанинг кенгайиши нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки 300 турдан ортиқ нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаш имконини берди. Аҳолига етказилаётган ширинликларнинг тури эса 200 дан ортиқ.
Қандолат ва нон маҳсулотлари меҳмондўст халқимиз дастурхонининг кўрки. Ўз яқинларига тайёрлайдигандек мижозларга етказиб бериладиган ширинликлар, ярим тайёр егуликлар расталарда ўз харидорини узоқ кутиб қолмайди. Бир зумда харид қилинади, ҳатто моҳир, чаққон пазандалар уларни етказиб беришга улгурмай қоладиган вазиятлар бўлади. Муҳими, корхонада ўз иши, ҳаётидан мамнун, миннатдор, кўнгли очиқ самимий кишилар меҳнат қилади. Уларнинг шукронаси эса бараканинг гарови.
Давлатимиз раҳбари эътиборига тушган тадбиркор Шаҳноза Каримова, аввало, ижтимоий кўмакка муҳтож, иқтисодий қийинчиликларга дуч келган аёлларни қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад қилди, уларнинг орзуларига қанот бўлди. Унинг ташаббуси билан 50 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз ўқитилди, 10 нафар муҳтож аёлга уй-жой сотиб олиши учун бошланғич тўловни тадбиркор ўз зиммасига олди.
Навбаҳорлик Нортош Шомуродованинг ҳаёти тубдан ўзгаришида Шаҳноза Каримованинг ҳиссаси катта. Янги йўл маҳалласида истиқомат қилувчи аёл 2013 йилда боқувчисини йўқотгач, моддий қийинчиликка дуч келди. Эски ҳовли, ноқулай шароит, икки фарзандни вояга етказиш масъулияти хонадон бекасининг эртанги кунга ишончини сўндирганди. Бошқалар каби барча қулайликларга эга уйда яшаш мақсади орзулигича қолиши мумкин эди. Тадбиркор Шаҳноза Каримова эҳтиёжманд оилага янги уй қуриб берди.
— Уйимиз жуда хароб аҳволда, даромадимиз ҳам, яшаш шароитимиз ҳам яхши эмас эди. Биз ҳам яхши уйларда яшарканмизми, деб кўп ўйлардим. Сахий инсонлар бор экан. Ҳозир барча қулайликлари бор замонавий, шинам уйга эга бўлдик. Фарзандларим жуда хурсанд. Аввал ғамдан йиғласам, бугун кўзимда қувонч кўз ёшлари, — дейди Нортош Шомуродова.
Сония Адизованинг ҳам узоқ тумандан шаҳар марказига қатнаб ишлашдек қийинчилиги ортда қолди. Кўп йиллик меҳнати ва фидойилиги учун унга тадбиркор Шаҳноза Каримова томонидан Навоий шаҳридан янги, таъмирланган, барча мебель жиҳозлари, маиший техника воситалари билан таъминланган хонадон туҳфа қилинди.
Бугунги кунда вилоятнинг бошқа туманларида ҳам корхона филиаллари очилмоқда. Ҳозир илк филиал Навбаҳор туманида иш бошлади. Тумандаги Пахтакор маҳалласида бўш турган бинони ижарага олиб, нон ва нон маҳсулотлари, ширинликлар тайёрлаш цехлари ташкил этган тадбиркор маҳалладаги ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларни банд қилди. Бугунги кунда ишли бўлган эҳтиёжманд аёллар ўз ҳаётидан ҳам, тадбиркордан ҳам миннатдор.
— Маҳалламизда ушбу корхона филиали очилгани биз учун айни муддао бўлди. Ишсизлигим ва фарзандларимни ўқитаётганимиз туфайли бир оз қийналаётгандик. Шу ерга ишга кирганимдан сўнг қийинчиликларимиз ортда қолди. Сабаби, ойлик маоши яхши ва меҳнат қилиш учун барча шароитлар яратилган. Мен билан бирга ишлаётган хотин-қизлар ҳам яқин кунларгача эҳтиёжманд эди. Ҳозир барчаси шу ердан доимий даромадга эга бўлиб, фаровон ҳаёт кечирмоқда, — дейди Маҳбуба Дониёрова.
Албатта, ҳудудларда янги лойиҳалар иш бошлаши ва корхоналар очилиши ўша ернинг маҳаллий аҳолиси учун иш ўринларини яратиши билан аҳамиятлидир. Муҳими, ҳалол даромад инсонларнинг онги, қалби ва дунёқараши ўзгаришига туртки бўляпти. Шу боис, корхона ишчи-ходимлари ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришлардан мамнун.
Меҳнат эвазига ҳурмат, эътибор топган тадбиркорнинг бошқалар тақдирига ҳам бефарқ эмаслиги таҳсинга сазовор. Ҳаёти яхши томонга ўзгарган аёлларнинг дуолари, ишбилармонлар учун яратилаётган имкониятлар кўзланган ва кутилмаган натижалар салмоғини оширади.
Тадбиркор Шаҳноза Каримова 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Давлатимиз раҳбари қўлидан юксак мукофотни қабул қилгани ишбилармонни нафақат руҳлантирди, балки тадбиркор аёл зиммасига янаям кўпроқ масъулият юклади.
— Инсон қийинчиликлардан қўрқмаслиги керак. Ҳар бир бошланган кичик ҳаракат ҳам меҳнат билан катта муваффақиятларга етаклайди. Бу ҳақиқатга ўз ҳаётимда амин бўлдим. Президентимиз “қаҳрамон қизим” деганда, ўзимда янада кучли ишончни ҳис қилдим. Аёл зоти шунчалик қадрланадиган ватанда яшаётганимдан жуда ҳам фахрландим. Ўз олдимга янги мақсадлар қўйдим ва келажакда яна 500 та янги иш ўрни яратмоқчиман, — дейди Шаҳноза Каримова.
Албатта, бахт оддийлик, камтарлик ва сахийликда. Инсон ҳаёти тўкислиги маблағи миқдори билан эмас, ундан миннатдор кишилар шукронаси билан белгиланади. Бугунги кунда “Барака Нон Навоий” корхонаси савдо дўконлари ёнидан ҳеч бир инсон тўхтамай ўтиб кета олмайди. Билишадики, бу ерда мижозларни табассум билан қарши оладиган, энг яхши, сифатли маҳсулотларни таклиф этадиган ходимлар ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр, тарбияси, фаолияти билан бошқаларга ибрат бўладиган ҳалол тадбиркор бор.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири