Делегация таркибига кадрлар тайёрлаш ва ривожлантириш бўлими раҳбари Волкан Назли ва бошқарув хизматлари бўлими лойиҳа координатори Анил Гунел кирди.
Учрашувда IT-Park директорининг халқаро алоқалар бўйича ўринбосари Амалия Эргашева, Таълим лойиҳалари бўлими бошлиғи Шаҳзод Нарзуллаев ва Халқаро рейтинг ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Дилшод Саитовлар меҳмонларни ташкилот фаолияти, IT City лойиҳаси, ўтган 4 йил давомида амалга оширилган ишлар натижалари ва IT IT-Parkнинг 2023 йилга мўлжалланган режалари билан таништирди.
Учрашувда Туркия Республикаси Президентининг Инсон ресурслари бошқармаси томонидан IT-таълимни яхшилаш ва ушбу соҳада талабалар қамровини ошириш учун илғор технологиялар ва замонавий ечимлар трансфери бўйича тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилаётгани таъкидланди. Эслатиб ўтамиз, Туркияда 100 га яқин технопарклар, жумладан, илмий парклар мавжуд бўлиб, уларда 80 мингга яқин мутахассис фаолият юритади.
Туркия томони вакиллари IT-таълимни ривожлантириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди ва турк фуқаролари учун турли мутахассисликлар бўйича курслар ва иш билан таъминлаш имкониятларини тақдим этувчи «e-insan» лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида, IT-Park меҳмонларга «One Million Uzbek Coders» дастури ва яқинда ишга туширилган IT Park University ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистонда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг бу борадаги юксалиш ва тараққиётини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар IT-таълим соҳасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришни давом эттиришга келишиб олдилар. IT-Park Туркиянинг экспортга йўналтирилган IT-компанияларини Ўзбекистон бозорига киришда қўллаб-қувватлашга ва турк компанияларида ишлаш учун IT-мутахассисларини биргаликда тайёрлашга ҳозир эканини билдирди, деб хабар беради IT-Park матбуот хизмати.