Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама кенгайиб бормоқда.
Шу кунларда 2023-2024 йиллари Ўзбекистондан Корея божхона хизматига юборилган 6 та лабрадор зотига мансуб хизмат ити халқаро аэропорт ва денгиз портларида хизмат қилмоқда.
Тилсиз поспонларнинг хизматидан рози бўлган кореялик мутахассислар Миллий кинология марказига қайта ташриф буюриб, яна 6 та хизмат итини сотиб олди.
Куни кеча Тошкент халқаро аэропорти орқали 6 та хизмат ити тегишли ветеринария диагностика ва кўрикдан ўтказилиб, Кореяга жўнатиб юборилди.
Манзилга етиб борган Жесси, Белла, Фарона, Рада, Файз, Фариз лақабли итлар иқлимга мослашиш жараёнлари якунига етгач, хизматга сафарбар қилинади.
Шундай қилиб, ҳозирга қадар Ўзбекистон Миллий кинология марказида гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида тарбияланган ва Кореяга юборилган хизмат итлари сони 12 тага етди.









