Шу маънода бугунги кунда шиддат билан ўзгараётган мураккаб геосиёсий манзарада, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёт, тинчлик ва фаровонлик сари дадил ҳаракат қилаётган давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида тобора катта эътироф ва ҳурмат қозонаётгани диққатга сазовор. Кенг қамровли ислоҳотлар, ташқи сиёсатдаги очиқлик ва мувозанат тамойиллари асосидаги фаолият мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаб, дунёга танитмоқда. Президентимизнинг “Бахт – интилганники, ғалаба – курашганники. Келажакни мардлар, тарихни ғолиблар яратади”, деган сўзлари бугунги тараққиёт йўлимизда бош мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, ўз тараққиёт йўлини белгилаб олган Ўзбекистон халқаро майдонда тинчликсевар ташаббуслари, прагматик ёндашуви ва инсон қадриятига асосланган сиёсати билан алоҳида ажралиб турмоқда.
Тарихан икки буюк дарё — Амударё ва Сирдарё оралиғида умргузаронлик қилган аждодларимиз табиат инжиқликларига, замон синовларига қарши эгилмас ирода билан бардош бериб келган. Айнан шу ирода, айнан шу матонат туфайли Марказий Осиёнинг юраги бўлган бу замин қадимдан Буюк ипак йўли марказига айланди, шарқу ғарбни, шимол билан жанубни боғлаган улкан савдо ва маданият чорраҳаси сифатида жаҳонга танилди.
Бугун ҳам Ўзбекистон қулай географик жойлашуви, тарихий мероси, бой маданияти ва кучли инсон ресурслари билан глобал иқтисодий ва сиёсий майдоннинг фаол иштирокчисига айланиш йўлида қатъий қадамлар ташламоқда. Бу йўлда ташқи сиёсатдаги очиқлик, минтақавий ҳамкорлик, кўп томонлама манфаатли алоқалар муҳим ўрин тутмоқда.
“Инсон қадри учун” тамойили нафақат ички сиёсатда, балки ташқи алоқаларда ҳам асосий мезон бўлаётир. Президентимизнинг халқаро нашрларда эълон қилинаётган мақолалари, ислоҳотлар борасидаги дадил ташаббуслари, халқаро ҳамжамият билан барқарор мулоқоти юртимизнинг янги сиёсий имижини шакллантирмоқда.
Озарбайжонлик шоир Акиф Бағировнинг “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби ва “Ўзбек келаётир” қасидасида Президентимизнинг ислоҳотчи, халқпарвар, дадил етакчи сифатидаги образига юқори баҳо берилган. Бу эса Президентимизнинг халқаро майдондаги фаолияти ва ташаббуслари глобал миқёсда қандай эътироф этилаётганини кўрсатади.
2024 йилда Ўзбекистон томонидан 17 та халқаро ташриф, 140 дан ортиқ халқаро тадбир, 264 та халқаро битим ва 2 000 дан ортиқ инвестиция лойиҳаси амалга оширилгани бу эътирофларнинг амалий ифодасидир. Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги фаол иштирок, бу ташкилот орқали илгари сурилган 105 та ташаббуснинг 80 дан ортиғи амалиётга жорий этилгани, ШҲТ давлатлари сармояси асосида ишлаётган 7,5 мингдан ортиқ корхона — буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал майдондаги ролини мустаҳкамламоқда.
ШҲТ Ўзбекистонга нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик, таълим, маданият соҳаларида ҳам кенг имкониятлар очмоқда. Жумладан, ШҲТнинг Тошкентдаги Минтақавий аксилтеррор маркази орқали терроризм ва экстремизмга қарши курашилмоқда. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, “яшил” технологиялар, рақамли иқтисодиёт каби лойиҳалар миллий иқтисодиётга янги суръат бермоқда.
“ШҲТ университети”, илмий алмашинув марказлари, Конфуций институтлари фаолияти ёшлар учун кенг имкониятлар очмоқда. Ўзбекистон халқаро майдонда масъулиятли ҳамкор сифатида тобора тан олиняпти.
Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигидаги қиймати 60 миллиард доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар, хусусан, Фарғона давлат университети ҳузурида Хитойнинг Шанси археологик институти билан ҳамкорликда ташкил этилган Фарғона–Шанси археологик тадқиқотлар маркази, маданият марказлари очилиши ва археологик илмий марказлар фаолияти мамлакатимизни янги босқичга олиб чиқяпти.
Бугун дунё Ўзбекистонни барқарорликни таъминлай оладиган, ўз сўзига эга ва масъулиятли халқаро ҳамкор сифатида тан олмоқда. Ўзбекистон етакчисининг ташқи сиёсати ва илгари сураётган ташаббуслари нафақат иқтисодий манфаат, балки инсон қадри, тинчлик, тараққиёт ва умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилишга қаратилган. Бу эса Ўзбекистон танлаган йўл тўғри йўл, келажак сари ишончли қадамлар билан илдамлаётган миллий тараққиёт йўли эканини яққол намоён этмоқда.
Баҳодир ШЕРМУҲАММАДОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор
Ҳамкорлик материали









