Суҳбатда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.
Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг ривожланиш динамикаси алоҳида таъкидланди. Сўнгги 5 йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 баробар ошиб, 2023 йилда 3,1 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, ҳар икки давлат ҳам савдо айланмасини ошириш учун улкан салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтириш, стандартларни уйғунлаштириш ва ўзаро тан олиш, самарали тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича режалар келишиб олинди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, юк ташиш ҳажмларини ошириш, нархларни оптималлаштириш, транзит жараёнларини соддалаштириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Инвестициявий ҳамкорлик фаол ривожланиб боряпти. Охирги уч йилда қўшма корхоналар сони икки баробарга ошиб, 1900 тага етди. Инвестициялар ҳажми 2,5 баробар ошди. Туркия компанияларининг мамлакатимиздаги хусусийлаштириш дастурлари ва давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини янада кенгайтиришга келишилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқладилар ҳамда муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга доир ҳамкорлик форматини ишлаб чиқдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.