Ушбу лойиҳа «BMB Trade Group» (Ўзбекистон) ва «FIN.OPERA s.r.l.» (Италия) компаниялари ўртасида заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш, саноат миқёсида қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича имзоланган меморандум доирасида 3 йилдан бери амалга оширилмоқда.
Бугун Италиянинг Брешиа шаҳридан Ўзбекистонга 16 миллион донадан ортиқ заъфарон пиёзи олиб келинди. Шу тариқа заъфарон плантацияларининг майдони 305 гектарга, лойиҳага жалб этилган инвестиция миқдори 40,4 миллион еврога етказилди.
Айни пайтда Ўзбекистонда етиштирилаётган заъфарон биринчи тоифадаги сифат белгисига эга. Маҳсулот Европа ва Осиё мамлакатларига экспорт қилинмоқда. «BMB TRADE GROUP» компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг айтишича, қатор сертификатлаштириш жараёнлари ва текширувлар натижасида Ўзбекистон заъфарони АҚШ бозорларига чиқишга рухсат олган, деб хабар беради «Дунё» АА.