Ўзбекистонда фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Женевада тақдим этилди

    Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 52-сессияси доирасида «Иқлим ўзгаришининг заиф аҳволда бўлган шахслар ҳуқуқларига таъсири» мавзусида параллел муҳокама (side event) бўлиб ўтди.

    Тадбир Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Европа Иттифоқи ва Туркиянинг Женевадаги БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари томонидан ташкил этилди.

    Муҳокамалар чоғида БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит бўйича махсус маърузачиси Дэвид Бойд, Халқаро тараққиёт ҳуқуқи ташкилоти эксперти Ралука Мария Попа, Маҳаллий халқлар жамғармаси директори Андерс Блом, шунингдек, Женевадаги дипломатия ваколатхоналари ва халқаро нодавлат ташкилотларининг 70 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

    Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ўз чиқишида Марказий Осиё минтақасидаги асосий экологик муаммо Орол денгизи ҳалокати эканини таъкидлади. Ушбу фожеанинг салбий гуманитар, экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатлари минтақа доирасидан анча узоққа чиқиб кетган, глобал аҳамиятга молик муаммо эканлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, у БМТ шафеълигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг Оролбўйи минтақаси бўйича долзарблиги ва самарали фаолиятини алоҳида таъкидлади.

    Доимий вакил атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг ривожланиш тамойиллари ва экология соҳасидаги долзарб глобал, минтақавий муаммолардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар доирасида фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари Асосий қонунда янада мустаҳкамланаётганини маълум қилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишлари экани алоҳида таъкидланди.

    Учрашув якунида БМТ ва нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари халқаро ҳамжамиятни иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини бартараф этишда, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини ҳисобга олиб, энг заиф одамлар аҳволига эътибор қаратишга даъват этдилар.