Ўзбекистонда тупроқ унумдорлигин асрашга қаратилган янги тизимлар ишга тушмоқда

    Ҳозирга келиб глобал ер ресурсларининг 40 фоизга яқини таназзулга учраган. Инсониятнинг ерга таъсири шу қадар кенгайиб боряптики, натижада ер ўзининг муҳим функцияларини бажаришдан тўхтаб, яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда.

    Инсоният озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барча илғор технологияларини қўллаяпти. Айниқса, сифатли маҳсулот етиштириш, ҳосилдорликни ошириш, дунё бозорини экологик тоза озиқ-овқат билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кун сайин фаоллашмоқда. Улар орасида бир қарашда кўзга кўринмасада, ниҳоятда муҳим яна бир масала бор — бу тупроқ сифати ва унумдорлигини ошириш. Бунга эришмасдан туриб, бугунги кундаги долзарб озиқ-овқат хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш қийин.

    Тупроқ сифати масаласини кун тартибига қўйиш кўпчилик учун эриш туюлиши мумкин. Аммо бу аллақачон глобал муаммолардан бирига айланган. БМТнинг сўнгги беш йилликдаги таҳлилларига кўра, ҳозирга қадар ер шарининг 40 фоиз тупроғи ўз сифатини йўқотган. Инсоннинг ерга нотўғри муносабати тупроқ унумдорлигини пасайтирган, бу ернинг карбонат ангидридни тутиб қолиш хусусиятини ўлдириб, турлар йўқолишига олиб келмоқда. Чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик каби муаммолар жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида истиқомат қилаётган 1,2 миллиард аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигига жиддий хавф соляпти.

    Қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш юртимизда ҳам муҳим масалалардан бири. Айниқса, бунга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани, ўз иқтисодиёти ривожланишини агро-индустриал йўналишда ташкил этаётган ҳозирги Ўзбекистон шароитида тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, уларнинг ечимини топишда амалиёт материаллари асосида чуқур илмий-назарий мушоҳадага асосланган таклифлар ишлаб чиқиш, хулосалар бериш заруратини вужудга келтиради.

    Жорий йилнинг 10 июнь куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор бу борадаги яна бир ҳуқуқий асос бўлди. Мазкур ҳужжат атроф-муҳитнинг барқарор фаолиятини таъминлаш, табиий экологик тизимларни муҳофаза қилиш, тупроқлардан самарали ва эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, уларнинг сифати ва унумдорлигини сақлаш ҳамда тупроқларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилишга эътиборни қаратади.

    Тупроқ таназзули: оқибатлари аянчли бўлиши мумкин

    Ана энди, тупроқ сифатининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат етиштиришдаги аҳамиятига тўхталамиз. Ер табиий ресурслар ичида алоҳида мақомга эга. У қишлоқ хўжалигида асосий ишлаб чиқариш воситаси бўлиб, ундан фойдаланишни тўғри ташкил этиш айнан тупроқ муҳофазасини иқтисодий-ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан таъминлашни англатади.

    Қолаверса, унумдор тупроқ — серҳосил ва сифатли маҳсулот дегани. Деҳқон қанча кўп ҳосил олса, даромади шунча ошиб бораверади. Демак, тупроқ сифатининг яхши бўлиши аҳолини иш билан таъминлашга ҳам хизмат қилади. Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида деҳқон, фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш белгиланган. Бунга, аввало, қишлоқ хўжалигини илмий асосда ва интенсив ривожлантириш ҳисобига эришилади. Тупроқ унумдорлигини ошириш эса катта илмий жараёндир.

    Тупроқ деганда кўпинча ернинг фақат чириндили устки қатлами тушунилади. Аммо, у тупроқ пайдо қилувчи жараён таъсирида ўзгарган ва морфологик белгиларига қараб она жинсдан фарқ қиладиган маълум қалинликдаги қатламдир. Тупроқ сувни сақлайди ва фильтрлайди, иқлим ўзгаришларига қарши курашиб, мослашишга ёрдам беради.

    Ҳеч қайси тил луғатида она ой, она қуёш, она сув, деган ибора учрамайди. Аммо она ер тушунчаси барча халқлар учун бирдек тушунарли. Албатта, бунинг дин томондан келтирилган асослари бор. Аммо илмий жиҳатдан ҳам “она замин”, дейишимизга сабаблар етарли. Биргина мисол, жисмимизда мавжуд ҳамда Менделеев кимёвий жадвалидан жой олган моддаларнинг бари тупроқнинг таркибида бор экан.

    Ерга нисбатан “хазина” сўзини қўллашимиз боиси ҳам шунда. Аммо инсоният ана шу она ердан доим ҳам тўғри фойдаланмайди. Айниқса, ўтган асрлар давомида олиб борилган нотўғри қишлоқ хўжалиги амалиётлари, ер таркибидаги органик моддаларни йўқ қиладиган доимий шудгорлаш ишлари тупроқ эрозиясини кучайтирди. Қолаверса, саноат манбалари, шаҳар чиқиндилари, канализация лойлари, кончилик ва эритиш манбалари, ўрмонларнинг кесилиши ва бошқа антропоген омиллар таъсирида тупроқнинг ифлосланиши ортиб борди.

    Ердан хўжасизларча фойдаланиш, унга меъёридан ортиқ кимёвий ўғитлар ишлатиш оқибатида “ер деградацияси”, “ер эрозияси”, “ер таназзули”, “ерларнинг шўрланиши”, “ер чўлланиши”, “ер қурғоқчилиги”, “ернинг ботқоқланиши”, “тупроқ унумдорлигининг пасайиши”, “ер зичлашиши” каби иборалар пайдо бўлди. Булар орасида ер деградацияси, айниқса, долзарб масалалардан бири саналади. Хўш, ер деградацияси ўзи нима ва унинг салбий оқибатлари нималарда кўринади?

    Ерлар сифатининг ёмонлашиш жараёни ва ҳосилдорлигининг пасайиши ерлар деградацияси, дейилади. Бошқача айтганда, дегредация ҳаёт унсурлари камайган тупроқдир. Бунинг натижаси ер таркибининг бузилиши, шўрланиш ва саҳролашишга олиб келиб, ҳозир бу мамлакатимиз қишлоқ хўжалигидаги экологик муаммолардан биридир.

    Ерлар деградацияси тупроқ функциясини ўзгартирувчи, унинг хоссалари сони ва сифатини камайтирувчи, унумдорлигини пасайтирувчи ва йўқотувчи жараёнлар мажмуасидир. Қурғоқчил иқлим шароитида ерлар деградацияси кўп ҳолларда чўлланиш жараёнига ўтиб кетади, яъни, ҳосилдор ер саҳрога айланади.

    Минг афсуски, ҳозирга келиб глобал ер ресурсларининг 40 фоизга яқини таназзулга учраган. Инсониятнинг ерга таъсири шу қадар кенгайиб боряптики, натижада ер ўзининг муҳим функцияларини бажаришдан тўхтаб, яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда. Аҳоли сонининг ўсиб бориши эса озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини тахминан 60 фоизга ошириш зарурлигини кўрсатяпти. Демак, тупроқ унумдорлигини оширмасдан, серҳосил ерлар қисқаришининг олдини олмасдан туриб бу натижага эришиб бўлмайди. Бунинг учун илм-фан ва илғор технологияларни янада кўпроқ ишга солиш талаб этилади.

    Ер ҳосил “бермай қўйса”...

    Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш бўйича вазифалар юклатилиб, махсус департамент ҳам ташкил этилди. Вазирлик ерлар чўлланиши, уларни тиклаш, экинларни алмашлаб экиш, ўрмонлар барпо қилишни мониторинг қилади, ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади. Ушбу қарор асосида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти қайтадан Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, деб номланди ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Эндиликда, институт фаолияти янада кенгаяди. Айни пайтда 150 га яқин тадқиқотчиларимиз зиммасида ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан, ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш соҳасидаги тадқиқотлар кўламини чуқурлаштириш, дегредация жараёнларининг олдини олишга қаратилган илмий ишланмалар, мутахассис тавсияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилишдек кўламли ва масъулиятли вазифалар турибди.

    Бинобарин, бугунги кунда чўлланиш дунёнинг кўплаб мамлакатларига таҳдид солмоқда. Ачинарлиси, бу кўп жиҳатдан инсон омилига боғлиқ бўлиб, табиатдан аёвсиз фойдаланиш оқибатида тупроқ ва шамол эрозияси чўлланиш жараёнларини янада тезлаштиряпти. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг баҳолаш натижаларига кўра, ҳозир барча ерларнинг учдан бир қисми тупроқ эрозияси, яъни нураш, шибалланиш, гермитизатсиялашув (зичлашиши), тупроқнинг шўрланиши, тупроқдан органик ва озиқ моддаларининг ювилиб кетиши, ернинг ифлосланиши ва бошқа жараёнлар таъсирида таназзулга учрамоқда. Бунинг асосий сабаби сифатида эса инсонларнинг ер ресурсларидан нотўғри ва ноўрин фойдаланиши кўрсатиляпти.

    Грузиядаги UGA университети тупроқшунос олими Жулиа Гаскиннинг айтишича, сўнгги 150 йил ичида дунёдаги тупроқлар ўзининг унумдорлигини таъминловчи асосий қурилиш блокларининг ярмини йўқотди. Энди буни тиклаш учун кўп вақт талаб этилади. Маълумотларга қараганда, 1 сантиметр ер ўзини тиклаши учун 100 йил вақт сарфланиши мумкин экан. Дунёдаги ерларнинг 40 фоизи ҳалокатга учрагани, бунинг устига табиий ресурсларга инсоннинг таъсир босими ошиб бораётганини ҳисобга олсак, инсоният ҳалокат ёқасида турибди. Агар зудлик билан муаммони ҳал қилишнинг янги ечимлари жорий қилинмаса, ҳайдалган ва унумдор ерларнинг умумий майдони 2050 йилга бориб кескин равишда қисқариб кетиши мумкин.

    Барча ҳаракатлар тупроқ унумдорлигини асраб қолишга қаратилган

    Тупроқ деградацияси тупроқлар таркибидаги фойдали микроорганизмлар популяцияларининг камайиб кетишида ҳам кўринади. Бундан бир неча ўн йиллар аввал тупроқларимиз тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни белгилаб берувчи микроорганизмларга бой бўлган бўлса, ҳозир ундай дея олмаймиз. Собиқ Шўро давлатида ўзига хос усулда, айрим ҳолларда, ғайриилмий тарзда ёки илмий исботларсиз тизимлаштирилган қишлоқ хўжалиги йиллар ўтиши билан улкан иқтисодий ҳамда экологик муаммоларни келтириб чиқарди.

    Қишлоқ хўжалиги менежментидан бошлаб турли экинлар навларини жойлаштириш, ўғитлаш ва касалликларга қарши курашишнинг илмий асосланмаган усуллари охир-оқибат, ҳосилдорликнинг кескин камайиши, тупроқларнинг бузилиши, ҳар хил касалликларнинг кўпайиши ортидан ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келди. Бу борада, айниқса, турли-туман минерал ўғитлар ва агрозаҳарларнинг ҳаддан ташқари кўп қўлланилиши Ўзбекистон тупроқларининг биологик ва агрокимёвий хусусиятларига салбий таъсир кўрсатмай қолмади.

    Сўнгги статистик маълумотларга қараганда, юртимиздаги суғориладиган ер майдонларининг 47 фоизи турли даражада шўрланган тупроқлардан иборат. Афсуски, деҳқонни оғир аҳволга солиб қўядиган “шўр” муаммосига ҳали ҳам ечим топилганича йўқ. Аммо бир нарса қувонарли, охирги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ривожлантириш янги босқичга чиқди. Соҳа илм-фан асосида ўрганиляпти, мавжуд муаммолар эса энг илғор технологиялар орқали ҳал этилмоқда. Одамларнинг ерга бўлган муносабати кун сайин ўзгармоқда. Бугунги кластер ва деҳқон-фермерлар ўз ерларининг унумдорлигини ошириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга хисса қўшяпти. Соҳанинг мутахассис олимлари янги инновацияларни яратиш ва амалиётга қўллаш йўлида тинимсиз изланяпти. Мутахассислар ер эгаларига тупроқларида кечадиган деградация жарёнлари ва уларнинг олдини олиш, унумдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилган агротехник, агромелиоратив тадбирларни қўллаш бўйича мунтазам тавсиялар бериб бормоқда. Бунинг учун алоҳида агрохизматлар марказлари ташкил этиляпти.

    Умуман, ердан самарали, оқилона фойдаланиш бугун ва келажак талаб қилаётган заруратдир. Юқоридаги қарор билан ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш ва уларнинг олдини олиш ҳамда тупроқларни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар режаси ҳамда ерлар деградацияси тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлашнинг ягона тизимини юритиш схемаси ишлаб чиқилгани боиси ҳам шунда.

    Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фаолиятида яроқли ер майдонларининг камлиги табиат бойликлари ва ер-сув манбаларидан фойдаланишнинг янги ва самарадор йўналишларини излаб топишни талаб этади.

    Институт олимлари томонидан ерлар деградацияси жараёнларини камайтириш ва олдини олишнинг прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” тузилмоқда. Мазкур “Йўл харитаси” тупроқлар гумуссизланишининг олдини олиш, шўрланишини камайтириш, тупроқни органик моддага бойитиш бўйича ишлаб чиқилган агротехнологиялар бўйича илмий асосланган фикр мулоҳазалар ва тавсияларни ўз ичига қамраб олади.

    Мамлакатимизда чўлланишга қарши курашнинг миллий дастури ҳам ишлаб чиқилган. Дастурга кўра, ерлар деградациясининг ҳажмини қисқартириш ёки унинг олдини олиш, чўлланишга дучор бўлган ерларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилади. Бунда ерларни намлантириш, сув тармоқларини тортиш, умуман, сувсизлик масаласини ҳал этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланган.

    Сир эмас, иқтисоди асосан қишлоқ ҳўжалигига мослашган Марказий Осиё мамлакатларида сув танқислиги аллақачон сезила бошлаган. Бунинг оқибатида чўлланиш, шўрланиш каби ҳодисалар сони кўпайиб бормоқда. Келажакда иқлимнинг тобора исиб бориши ва чўл зоналарининг ортиши озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга салбий таъсирни ошириши борасида хулосалар ҳам йўқ эмас.

    Афсуски, мамлакатимизда ҳам суғориладиган ер майдонлари йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Оролнинг қуриган ҳудудидан туз ва бошқа минерал моддаларнинг шамол орқали тарқалиши, сув тақчиллиги оқибатида чўлланиш даражаси ортяпти. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида чўлланиш даражаси нисбатан юқори. Маълумотларга кўра, юртимизда 22 миллион гектар ер чўлланишга мойил ҳудуд ҳисобланар экан.

    Замонавий илм ва илғор технологиялар бу муаммога ечим топиши мумкин. Охирги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида экинларни томчилатиб суғориш, замонавий гидропоника, аэропоника усулларида етиштириш оммалашиб боряпти. Сув танқис ҳудудларда артезиан қудуқлар қазиляпти. Буни қишлоқ хўжалигига биологик деҳқончилик усуллари ва тажрибаларини босқичма-босқич тадбиқ этишнинг илк кўринишлари, дейиш мумкин.

    Умуман, ерларнинг унумдорлигини ошириш, деградацияга учраган майдонларни аввалги ҳолатига қайтариш осон жараён эмас. Бунинг учун олимларимиз тинимсиз изланишлар, тадқиқот ишлари олиб боряпти. Ҳозирги вақтда инситутнинг Тупроқ унумдорлигини бошқариш ва баҳолаш бўлими ходимлари бевосита жойларда дала-тадқиқотлари, ўқув-семинарлари ташкил этиб, мавжуд мауммоларни бартараф этиш бўйича илмий амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланмоқда. Баҳолаш тадбирлари асносида қарорда белгиланганидек, деградацияга учраган ер участкаларининг электрон хариталари яратилади. Бу эса вазиятни янада аниқ таҳлил қилиш ҳамда ерлар унумдорлигини оширишда тезкор чора-тадбирларни қўллашга хизмат қилади.

    Шуҳрат БОБОМУРОДОВ,

    Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти директори,

    биология фанлари доктори

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 13.07.22 йил, 140-сонида чоп этилган)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates