Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам юқори сифатли заъфарон етиштиришда салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, Жиззах вилояти ҳудудидаги заъфарон плантацияларида бугунги кунда 15 дан ортиқ заъфаронли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 103 миллион евро бўлиб, 80 миллион евро хорижий инвестициялар, 13 миллион евро “Ўзсаноатқурилишбанк” кредит ресурслари ҳамда 10 миллион евро ўз маблағи ҳисобланади.
Холдинг ҳамда Италиянинг “FIN.OPERA SRL” компанияси билан ҳамкорликда “BMB-OPERA ZAFFERANO” корхонаси ташкил этилди, умумий ҳисобда 80 миллион евро инвестициядан ҳозирги кунга қадар 60,8 миллион евро миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди, қарийб 120 та доимий ва 25 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилди. Бугунги кунга келиб, заъфарон плантацияларининг умумий майдони 700 гектарни ташкил этади.
Статистикага қарайдиган бўлсак, 2021 йилда 1,2 миллион евро, 2022 йилда 2,7 миллион евро, 2023 йилда 4,5 миллион евро заъфарон маҳсулотлари экспорт қилинди.
Control Union Certifications (Нидерландия) ташкилоти мутахассислари томонидан заъфарон плантациясида маҳсулотни экиш, етиштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, териб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш жараёнлари тўлиқ ўрганилиб, BMB Zaʼfaronʼга USDA ORGANIC сертификати тақдим қилинди.
USDA organic — бу АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификат. Сертификатлаш фақат малакали ва ваколатли USDA organic ходимлари томонидан амалга оширилади. USDA ёки Миллий органик стандарт мамлакат фуқароларини соғлом ва табиий органик маҳсулотлар истеъмолига ўтказиш учун ноёб миллий дастурнинг бир қисми сифатида қабул қилинган. Бугунги кунда USDA organic деб белгиланган маҳсулотлар камида 95 фоиз экологик тоза табиий ингредиентларни ўз ичига олиши кафолатланади.
Қолаверса, бир неча йиллик чуқур ва таҳлилий текширувлардан кейин Ўзбекистон ва Хитой идоралараро комиссияси хулосасига кўра, ўзбек заъфаронини Хитойга экспорт қилиш бўйича тегишли рухсатномага эга бўлди. Бу орқали дунёнинг энг йирик бозори ҳам ўзбек “қизил олтин”и учун ўз эшикларини очди.
Шунингдек, Италиянинг Милан шаҳрида “BMB Spices & Herbs” Италия — Ўзбекистон қўшма корхонаси таъсис этилган бўлиб, ўзбек заъфарони Европа бозорларига “ORO ROSSO Milano” бренди остида экспорт қилиняпти.
Яна бир эътиборли томони шундаки, заъфарон майдонларида польшалик мутахассислар билан ҳамкорликда синов тариқасида AgroNanoGel Basic гидрогель маҳсулотини қўллай бошланди. Гидрогель ўсимликлар учун сув захирасидир. Унинг қўлланилиши бутун вегетация даврида ўсимликлар учун оптимал сув шароитларини таъминлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида гидрогелнинг қўлланилиши 40-45 фоизгача сувни тежаш имкониятини беради. Ушбу маҳсулот синов якунига кўра оммалаштирилади, қолаверса, заъфарон ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинларида сув сарфини сезиларли даражада камайтиради, деб хабар беради “Дунё” АА.