“Дунё“ ААʼнинг хабар беришича, расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Исландия Президенти Халла Томасдоттир икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон элчисининг ушбу мамлакатга тайинланиши, ҳеч шубҳасиз, охирги йилларда Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг натижаси эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон ва Исландия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида алоқаларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Исландия Президенти Халла Томасдоттир Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига фаровонлик ҳамда бардавом тараққиёт, Ўзбекистон элчисининг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва кенгайтириш йўлидаги ишларига эса муваффақиятлар тилади.